Ўзбекистон Президенти металл листлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди

Июль 13, 2026. 14:00 • 3 дақ

12
Ўзбекистон Президенти металл листлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди

ТОШКЕНТ, 13 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон металлургия комбинати Қуюв-прокатлаш мажмуасининг ягона бошқарув пульти орқали метални прокатлаш жараёнларини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги йилларда комбинатни модернизация қилиш ва унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада комбинатнинг соф фойдаси 2017 йилдаги 14 миллион доллардан 2025 йилга келиб, 23 миллион долларга етган.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 29 август куни Бекободга ташрифи чоғида Қуюв-прокатлаш мажмуаси қурилиши лойиҳасига тамал тошини қўйган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 839 миллион долларни ташкил этади. 18 гектар майдонда барпо этилган мазкур стратегик аҳамиятга эга мажмуа мамлакатимизда металл маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

Бу ерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2 миллион тоннага етказиш, қўшимча равишда 1,04 миллион тонна ўрамли пўлат лист прокати ишлаб чиқариш ва комбинатдаги жами иш ўринларини 7 мингтага етказиш режалаштирилган.

Мажмуада Италиянинг “Danieli” компанияси тажрибаси асосида илк бор узлуксиз пўлат қуйиш ускунаси бошқа барча технологик жиҳозлар билан интеграция қилиниб, ягона бошқарув пульти орқали бошқарилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Аввалги технологияларда 4-5 та бошқарув пультидан фойдаланилган ва уларда 9 нафар ходим меҳнат қилган бўлса, бугунги кунда ягона бошқарув тизими орқали жараённи атиги 3 нафар мутахассис назорат қиляпти.

Президентимиз ягона бошқарув тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиб, мажмуанинг барқарорлиги ва иқтисодий самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади.

Ускуналарнинг хавфсизлиги ва тезкорлиги бўйича мазкур мажмуа Марказий Осиёда ўзига хос ва муқобили йўқ лойиҳа ҳисобланади. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатмаган ҳолда инсон омили иштирокисиз асосий валларни аввалги 30-40 дақиқа ўрнига атиги 5-7 дақиқада автоматик равишда алмаштириш имконияти яратилган.

Президентимиз лист прокатидан тайёрланган маҳсулотларнинг намуналарини ҳам кўздан кечирди.

Мутасаддиларининг ахборотлари ҳам тингланди. Хусусан, иссиқ прокатланган лист маҳсулотлари қўшилган қиймат занжири, республикада ишлаб чиқаришни ўзлаштириш тавсия этиладиган маҳсулотлар хусусида ахборот берилди.

Қурилишда арматура маҳсулотининг муомаласини тартибга солиш, қурилиш объектларида қора металл прокатининг қўлланилиши устидан назорат ва сейсмик хавфни камайтириш бўйича амалий ишлар тушунтирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш