Ўзбекистон Президенти Ибн Синонинг болалиги ҳақидаги фильм суратга олинаётган майдонни кўздан кечирди

Октябрь 26, 2026. 21:55 • 2 дақ

• 57
Ўзбекистон Президенти Ибн Синонинг болалиги ҳақидаги фильм суратга олинаётган майдонни кўздан кечирди

ТОШКЕНТ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Абу Али ибн Синонинг болалигига бағишланган “Ҳусайн” тарихий-бадиий фильмининг суратга олиш майдони билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмаси асосида суратга олинаётган фильм учун “Ўзбекфильм” киностудиясида аллома яшаган давр муҳитини акс эттирувчи декорациялар барпо этилган. Ўзбекистон Президенти тарихий шаҳар деворлари, кўча ва бозор манзаралари, давр либослари ҳамда суратга олишда фойдаланиладиган буюмларни кўздан кечирди.

Киноижодкорлар билан мулоқотда Президентимиз давлат миллий руҳдаги, буюк аждодларимиз ҳаётига бағишланган фильмлар яратилишига эътиборни янада кучайтиришини таъкидлади. Бу ерда барпо этилган декорацияларни юқори баҳолаб, улар тарихий муҳитни экранда ишонарли гавдалантиришга интилишдан далолат эканини қайд этди. Бой тарихимиз ва алломаларимиз меросини кино тили орқали ёш авлодга етказиш, уларда ўз ўтмишига қизиқиш ва ифтихор туйғусини уйғотиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Фильмда ёш Ҳусайн ибн Абдуллоҳнинг табобатга муҳаббати, устозларига садоқати ва инсонпарварлиги тасвирланади. Асар орқали болаларга алломанинг илмга интилиши ва шахсий фазилатларини яқиндан танитиш кўзда тутилган.

“Ҳусайн” фильмини яратиш Абу Али ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси”да белгиланган. Ҳужжатда аллома таваллудининг 1050 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳам назарда тутилган.

Президентимиз фильм ижодкорларига муваффақиятлар тилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш