Ўзбекистон туркий давлатлар ўртасида таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Октябрь 27, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 84
Ўзбекистон туркий давлатлар ўртасида таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ОСТОНА, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Infozakon” нашрида Ўзбекистоннинг туркий давлатлар таълим ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, бугунги глобаллашув ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган даврда олий таълим, илм-фан ва инновациялар ҳар бир давлатнинг рақобатбардошлиги ҳамда барқарор тараққиётини таъминловчи муҳим омилга айланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, туркий давлатлар ўртасида таълим ва илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд интеллектуал салоҳиятни бирлаштириш ва ёшлар учун халқаро академик имкониятларни кенгайтириш долзарб аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Анқара шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг XIII саммити арафасида мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболларини таҳлил қилиш муҳимдир. Зеро, умумий тарих, яқин маданият ва маънавий қадриятлар билан боғланган мамлакатлар ўртасидаги таълим интеграцияси минтақанинг илмий ва иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда ушбу мақсадларни амалга ошириш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган Туркий давлатлар халқаро университети туркий мамлакатлар ўртасида олий таълим, илм-фан, инновация ва технологиялар соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббуслардан биридир.

Шунингдек ўқинг

Университет фаолиятининг асосий йўналиши халқаро таълим стандартларига мос, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини ривожлантириш ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишдан иборат.

2025/2026 ўқув йилида Туркиянинг Ҳажеттепе, Яқин Шарқ техника университети, Истанбул техника университети ва Эгей университети билан ҳамкорликда тиббиёт, компьютер муҳандислиги, электротехника, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва озиқ-овқат технологиялари бўйича бешта йўналишда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

2026/2027 ўқув йилида Озарбайжон ва Қозоғистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда нефт-газ иши, кимёвий муҳандислик, геология-қидирув ишлари техникаси ва технологияси, телекоммуникация технологиялари ҳамда халқаро ва қиёсий ҳуқуқшунослик бўйича яна бешта таълим дастурини жорий этиш режалаштирилган.

Таълим сифатини оширишда замонавий инфратузилма ҳам муҳим ўрин тутади. 2026 йил март ойида университетда тиббиёт йўналиши талабалари учун клиник симуляция ва амалий кўникмалар марказининг ишга туширилиши бўлажак шифокорларга замонавий тренажёрлар ва роботлаштирилган қурилмалар ёрдамида амалий тажриба орттириш имконини бермоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш