Ўзбекистон Президенти Сербия ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Май 06, 2026. 18:55 • 2 дақ
• 406
ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун ташриф билан мамлакатимизга келган Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журични қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Сербия Президенти Александр Вучичнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни 2025 йил октябрь ойида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ҳукуматлар, парламентлар, ишбилармон доиралар даражасидаги мулоқотлар фаоллашгани, гуманитар алмашинув кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб муҳим тармоқларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида жорий йилда Белград шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.
Уюшган меҳнат миграцияси, маданият ва таълим соҳаларидаги шериклик масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини муҳокама қилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси