Ўзбекистон Президенти АҚШ Эксимбанки ва Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси раҳбарларини қабул қилди
Июнь 16, 2026. 16:32 • 2 дақ
• 30
ТОШКЕНТ, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирлари доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистон етакчисига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокаралар давомида мазкур институтларнинг Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, муҳим минералларни ўзлаштириш, энергетика, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда рақамлаштириш каби юқори технологияли стратегик лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
АҚШ Эксимбанки билан ҳамкорлик йўналишида энергетика тармоғини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан келишувга эришилди. Маҳаллий тадбиркорларнинг устувор соҳалардаги ташаббуслари учун экспорт кредитларини тақдим этишни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
“DFC” корпорациясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, энергетика тармоғи ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Тошкентда янги халқаро аэропортни қуриш, Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини ташкил этиш, рақамли банкни ишга тушириш, дата-марказлар ва қуруқ портларни барпо қилиш каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг амалий босқичига ўтиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган инвестициявий ва технологик лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси