Ўзбекистон Президенти Остона шаҳрида Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди
Сентябрь 08, 2024. 23:30 • 2 дақ
• 238
ТОШКЕНТ, 8 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Остона шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, "Остона арена"да бўлиб ўтган тадбирда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Татаристон Раиси Рустам Минниханов ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Мусобақада дунёнинг 90 га яқин давлатидан 2 мингдан ортиқ спортчи, жумладан, Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Ҳамюртларимиз кураш, алиш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, пойга, паҳлавонлар беллашуви каби йўналишларда куч синашади.
Иштирокчиларга кўчманчи халқларнинг бой маданияти ва тарихи, анъана ва урф-одатларига бағишланган театрлаштирилган томошаси намойиш этилди.
Маросимдан сўнг давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистоннинг Бош вазири Олжас Бектенов кузатиб қўйди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси