Logo

Ўзбекистон Президенти Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг боришини кўриб чиқди

Май 06, 2026. 20:45 • 3 дақ

61
Ўзбекистон Президенти Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг боришини кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва ушбу жараённи жадаллаштириш бўйича 2026 йилдаги вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ўтган йилда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида кўп ва икки томонлама музокараларда салмоқли натижаларга эришилди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилди. Уларда 200 дан ортиқ саволларга жавоблар, 30 дан зиёд ташқи савдога оид ҳужжатлар ЖСТ аъзоларига тақдим этилди.

Шу билан бирга, икки томонлама музокаралар доирасида 40 дан ортиқ музокаралар раунди олиб борилди. 2025 йилнинг ўзида 11 та давлат билан музокаралар якунланиб, бундай давлатларнинг умумий сони 33 тага етди.

ЖСТ аъзолари томонидан Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ жадал ислоҳотлар амалга оширилаётгани ижобий эътироф этилмоқда. Хусусан, ўтган йилда 68 та қонунчилик ҳужжати ЖСТ ва халқаро меъёрларига уйғунлаштирилди.

Жумладан, ЖСТ қоидаларига уйғунлаштириш доирасида интеллектуал мулкни рўйхатга олиш жараёнлари соддалаштирилиб, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди, экспорт чекловлари бекор қилинди ва шаффоф механизмга эга экспорт божлари жорий этилди, айрим маҳсулотлар учун минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти бекор қилингани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, савдодаги техник тўсиқларни қисқартириш, санитария ва фитосанитария соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказишнинг бюрократик тартиби ўрнига сертификатлаштириш жорий этилди, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги устидан назорат Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига ўтказилди ва 14 та озиқ-овқат техник регламенти бекор қилинди, 747 та товар позицияси бўйича мажбурий сертификатлаштириш талаблари тугатилди ва рўйхат 27 фоизга қисқартирилди.

Тақдимотда озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги ва савдони ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги янги қонунларни қабул қилиш, санитария, ветеринария ва карантин соҳасига хавфни таҳлил қилиш, кузатувчанлик ҳамда илмий асосланганлик тартиботларини жорий этиш ҳолати кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилда Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзолигини расмийлаштириш бўйича комплекс ишларни сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонунчиликни ЖСТ қоидалари ва халқаро савдо стандартларига тўлиқ мувофиқлаштириш ишларини тизимли давом эттириш, ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки ва кўп томонлама музокараларни якунлаш ҳамда аъзоликни расмийлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш