Logo

Ўзбекистон ва АҚШ меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Май 03, 2026. 09:10 • 3 дақ

965
Ўзбекистон ва АҚШ меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ВАШИНГТОН, 3 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси  Фурқат Сидиқовнинг АҚШнинг “Head Honchos LLC” рекрутинг компанияси директори Тодд Миллер билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида томонлар уюшган меҳнат миграцияси соҳасида, жумладан, “H-2А” мавсумий қишлоқ хўжалиги бандлиги дастури доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Тодд Миллер Ўзбекистон элчихонасининг саъй-ҳаракатлари туфайли республика фуқаролари ушбу дастурда иштирок этишига рухсат берилган мамлакатлар рўйхатига киритилганини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Америкадаги рекрутинг компаниялари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларида катта қизиқиш уйғотиб, хорижий ишчи кучини жалб этиш соҳасида амалий ҳамкорликнинг янги босқичини очиб берган.

Америка томони АҚШнинг аграр секторида ички ресурслар чекланган шароитда ишчи кучига бўлган барқарор юқори талаб сақланиб қолаётганини қайд этди. Шу муносабат билан хорижлик ишчиларни жалб қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

“Head Honchos LLC” раҳбарияти Ўзбекистон фуқароларига истиқболли ва ишончли кадрлар манбаи сифатида қизиқиш билдирди. Тодд Миллер шахсий ҳамкорлик тажрибасига таяниб, уларнинг меҳнатсеварлиги, интизомлилиги, масъулиятлилиги ва иш жараёнига юқори даражада жалб этилганини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек ўқинг

Учрашувда Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатига алоҳида тўхталиб ўтилди. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда хорижда хавфсиз ва қонуний бандликни таъминлаш устувор вазифа экани таъкидланди. Бу борада Ўзбекистон Миграция агентлигининг имкониятлари тизимли ҳамкорлик учун асос сифатида ижобий баҳоланди.

Музокаралар якунлари бўйича бир қатор келишувларга, жумладан, “H-2А” дастури доирасида Ўзбекистон фуқароларини АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб этиш бўйича узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга эришилди. Компания номзодларни танлаш ва текширишдан тортиб, ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ишга жойлаштиришгача бўлган ёллаш жараёнларини халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун инглиз тилини, меҳнат қонунчилиги асосларини, меҳнат маданияти ва қишлоқ хўжалиги кўникмаларини ўргатишни ўз ичига олган қисқа муддатли комплекс тайёрлов дастурларини жорий этиш тўғрисида келишиб олинди.

2000 йилда ташкил этилган ва Техас штатининг Сан-Антонио шаҳрида жойлашган “Head Honchos LLC” АҚШ қишлоқ хўжалиги ва бошқа меҳнат талаб тармоқларига хорижий ишчи кучини жалб қилишга ихтисослашган етакчи рекрутинг ташкилотларидан бири ҳисобланади. Компания ҳар йили уч мингдан ортиқ хорижий фуқаронинг мавсумий ишларга жойлашишига кўмаклашади ва мамлакат бўйлаб 400 га яқин фермер хўжалиги билан барқарор ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш