Тошкентда динлараро бағрикенгликни таъминлашда Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси муҳокама қилинди
Ноябрь 17, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 28
ТОШКЕНТ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Динлараро бағрикенглик” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Конференцияда мамлакатимизнинг етакчи олим ва мутахассислари, АҚШ, Швеция, Саудия Арабистони, Россия, Қозоғистон, Германия, Қирғизистон ва Ҳиндистон дипломатик корпуси вакиллари, хорижий экспертлар, диншунос ва исломшунослар, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Биринчи шўба йиғилишида иштирокчилар Янги Ўзбекистон ва жаҳоннинг миллатлараро ҳамда динлараро тотувликни таъминлаш борасидаги тажрибаси, глобал динлараро мулоқотнинг янги тенденциялари, диний бағрикенгликнинг халқаро хавфсизлик ва жамият барқарорлиги учун аҳамияти, турли дин вакилларининг тинчлик ва ҳамкорлик ишига қўшаётган ҳиссасини муҳокама қилди.
Экспертлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқаро майдондаги аҳамияти юзасидан фикр алмашди.
Иккинчи шўбада ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашнинг самарали механизмлари, тотувликни асрашда миллий маданий марказларнинг роли, цивилизацияларни яқинлаштиришда маданиятлараро мулоқотнинг аҳамияти ҳамда жамоат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учинчи шўба таълим ва маърифатнинг ролига бағишланди. Унда иштирокчилар ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг таълимий асослари, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда маърифатнинг ўрни, олий таълим муассасалари ўртасида илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтди.
Анжуманнинг очилиш қисмида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Бахтиёр Намозов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев сўзга чиқди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси