Ўзбекистон ва АҚШ ОАВ вакиллари медиа соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилди
Ноябрь 17, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 24ВАШИНГТОН, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакилларидан иборат делегациянинг АҚШга сафари доирасида қатор медиа ташкилотлар ва таҳлил марказлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувларда икки мамлакат медиа соҳаси вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонни халқаро медиа майдонида кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Тадқиқотлар ва тажриба алмашиш бўйича халқаро кенгаш – IREX президенти Александр Дардели билан учрашувда ўзбекистонлик журналистлар учун халқаро тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
IREX халқаро таълим, журналистика, ахборот алмашинуви ва институционал ривожланиш соҳаларида фаолият юритувчи АҚШдаги йирик нотижорат ташкилот ҳисобланади. Ташкилот ҳозирга қадар 100 дан ортиқ мамлакатда ҳамкорлик лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширган.
Сафар давомида делегация аъзолари Ҳадсон институти президенти Жон Волтерс билан ҳам кўришди. Учрашувда Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати ва ислоҳотларини халқаро экспертларга етказиш, журналистлар ва таҳлилчилар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма давра суҳбатлари ва экспертлик учрашувларини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Ҳадсон институти Америкадаги нуфузли мустақил таҳлил марказларидан бири бўлиб, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва уларнинг хавфсизликка таъсири бўйича тадқиқотлар олиб боради.
Институт вакиллари билан мулоқот жараёнида журналистларни сунъий интеллект шароитида биргаликда ўқитиш ҳам келгусидаги ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Марказий Осиё ва Кавказ институти директори, таниқли эксперт Фредерик Старр билан учрашув ҳам самимий руҳда ўтди. Мулоқот давомида Фредерик Старр Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдонда ва минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолашини маълум қилди.
Эксперт мамлакатимиз медиа соҳасидаги ўзгаришлар ва сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этди. Суҳбат чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида хорижий ОАВ учун таҳлилий мақолалар ёзадиган журналистлар ва сиёсий шарҳловчиларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси Халқаро журналистлар маркази раҳбари Шэрон Мошави ҳамда Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастурлари директори Себастьян Пейроуз билан ҳам учрашди. Унда сунъий интеллект, дезинформация ва рақамли медиа йўналишларида ўқувлар ўтказиш, АҚШнинг етакчи ОАВларида тажриба алмашиш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



