Logo

Ўзбекистон Президентига соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тақдимот қилинди

Январ 20, 2026. 20:31 • 6 дақ

59
Ўзбекистон Президентига соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тақдимот қилинди

ТОШКЕНТ, 20 январь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тақдимотда, аввало, ўткир юрак қон-томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш ва даволашни такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Режага кўра, “Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke” халқаро дастурлари асосида ишлаб чиқилган “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури 2026 йил 1 майдан бошлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, 1 октябрдан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, 2027 йилдан эса бошқа ҳудудларда амалиётга жорий этилади.

Миллий дастур доирасида 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида сўровнома ўтказиш ҳамда натижасига кўра аниқланган хавф гуруҳига мансуб фуқароларни мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда беморларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш алгоритмлари ва клиник маршрутларини амалиётга жорий этиш назарда тутилган.

Шунингдек, мазкур касалликларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда халқаро стандартларга мувофиқ “олтин соат” тамойилининг вақт меъёрлари жорий этилади.

Тақдимотда тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техник ва рақамли имкониятларини кескин оширишга қаратилган чоралар ҳам келтирилди. Бригадалар телеметрик электрокардиограф ва мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади. Шу жумладан, ЭКГ натижаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ва ахборот тизими орқали юбориш, шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари ва шифохоналар ўртасида реал вақт режимида маълумот алмашиш имконияти яратилади.

Стационар тиббиёт муассасаларида инсультни сунъий интеллект асосида ташхислаш имконияти яратилиб, беморларнинг ҳаракат маршрути рақамлаштирилади. Шифохоналар эса шошилинч ҳолатларда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун тромб эритувчи дори воситалари ҳамда зарур сарфлов материаллари билан таъминланади.

Шошилинч стационар тиббий хизмат кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш, ўткир юрак-қон томир ва бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ҳолатларида кўрсатилган тиббий хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштирилади.

Миллий дастур доирасида “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимида беморлар ҳамда хавф гуруҳидаги аҳолининг электрон реестри юритилиши таъминланади.

Аҳоли ўртасида профилактика ва тарғибот ишларига ҳам алоҳида урғу берилди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ижтимоий роликлар, инфографика, анимация ва қисқа метражли видеороликлар тарқатиш, бозор ва савдо марказлари яқинида билборд ва баннерлар жойлаштириш, таълим муассасалари, корхона ва маҳаллаларда инфаркт ва инсульт аломатларини барвақт аниқлаш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, “Angels Initiative” халқаро ташаббусининг “FAST Heroes” дастури асосида мактаб ўқувчилари учун махсус машғулотлар ташкил этилади. Ҳар йили 29 сентябрь – Бутунжаҳон юрак куни ва 29 октябрь – Бутунжаҳон инсультга қарши курашиш куни муносабати билан бепул қон босими, қанд ва холестерин кўрсаткичларини ўлчаш, аҳолининг шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича саводхонлигини оширишга қаратилган оммавий тадбирлар ўтказилади.

Дастурни молиялаштиришга 2026 йилда 239 миллиард сўм, 2027 йилдан бошлаб 280 миллиард сўм ажратилиши таъкидланди.

Тақдимотда, шунингдек, 2026-2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Қон маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани инобатга олиниб, хизмат имкониятларини кенгайтириш ва даволаш муассасаларининг қон ҳамда қон маҳсулотларига эҳтиёжини тўлиқ таъминлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.

Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида ҳар минг нафар аҳолига қон топширишларнинг (донациялар) сонини 10 тадан 30 тагача ошириш, жами донацияларнинг сонини 1 миллионтагача кўпайтириш орқали тайёрланадиган қон захирасини 150 минг литрдан 450 минг литрга етказиш, беғараз қон донорларининг сонини 300 минг нафардан 900 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.

Етакчи халқаро тажриба асосида қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган стандарт операцион жараёнлар, хавфсизлик баённомалари ҳамда замонавий скрининг усуллари жорий этилади. Шу билан бирга, қон хизмати тизими ходимларининг касбий билим ва кўникмалари оширилади, моддий-техник базаси мустаҳкамланади ҳамда беғараз донорлик ҳаракати қўллаб-қувватланади.

Қон билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш учун “эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш” занжирида жараёнларни бошқариш тизими жорий этилади.

Рақамли платформа доирасида “Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш” ахборот тизими жорий қилиниб, қон ва унинг таркибий қисмлари ҳаракатини назорат қилиш, шошилинч тиббий ёрдам билан интеграцияланган ҳолда буюртма бериш, муассасаларнинг захирасини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилади.

Қон билан ишлаш хизматини молиялаштириш учун 2026 йилда 308 миллиард сўм, 2026-2030 йилларда эса соҳани такомиллаштиришга жами 1,75 триллион сўм назарда тутилгани қайд этилди.

Тақдимотда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар ва клиникалар фаолиятини ўрганиш натижалари ҳақида ахборот берилди.

Ишчи гуруҳлар 2025 йил сентябрь-декабрь ойларида 37 та республика даражасидаги тиббиёт марказлари ва клиникалар фаолиятини комплекс ўрганиб, қатор ташкилий ва бошқарув камчиликларини аниқлаган. Уларни бартараф этиш учун 27 та банддан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, у тиббий хизмат сифатини ошириш, ҳудудлар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, кадрлар салоҳияти ва илмий-тадқиқот фаолияти, молиявий интизом ва ресурслардан самарали фойдаланиш йўналишларини қамраб олади.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда хорижий экспертларни жалб этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Жамоат саломатлиги, соғлиқни сақлашни режалаштириш ва миллий лаборатория тизимини ислоҳ қилиш бўйича техник шартлар ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур чора-тадбирларни амалга оширишда 25 та халқаро ва 19 та маҳаллий экспертни жалб қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, Республика онкология маркази ва унинг ҳудудий филиалларини модернизация қилиш лойиҳаси тақдимот қилинди.

2021 йилда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)” лойиҳаси доирасида марказнинг янги мажмуаси ва унинг 13 та филиали учун жами 61 миллион долларлик 119 турдаги тиббий ускуналар харид қилинган. Яна 5,6 миллион доллар ҳисобига қўшимча 5 турдаги ускуналар харид қилиниши назарда тутилган.

Бунга қўшимча равишда жалб қилинадиган 10 миллион доллар ҳисобидан марказ учун 80 турдаги 1027 дона тиббий жиҳозлар, шунингдек, радиофармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган циклотрон ва радиосинтез лабораториясини харид қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарига фармацевтика тармоғини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Фармацевтика тармоғи ҳозирда саноатимизнинг юқори суръатларда ўсиб бораётган йўналишларидан бирига айланмоқда. Бугунги кунда тармоқда 2,3 миллиард долларлик 156 та лойиҳа амалга оширилмоқда, 2025 йилда 362 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ҳамда 2,4 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Тармоқ корхоналари томонидан қиймати 7,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, дунёнинг 55 та давлатига 220 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.

Дори воситалари сифатини таъминлаш ва бюрократияни қисқартириш бўйича амалга оширилган сўнгги ислоҳотлар натижасида тадбиркорлар томонидан илк бор 130 турдаги импорт дори воситаларини трансфер технологияси асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича ишлар бошланди.

Шунингдек, 2 минг номдаги импорт дори воситаларининг референт нархлари қайта белгилангани ҳисобига дориларнинг улгуржи нархлари 40-60 фоизга пасайтирилди.

Тақдимотда импорт ўрнини босувчи маҳаллий дори воситаларининг сифатини ошириш ҳамда оммабоплигини таъминлаш, бунинг учун инвесторларга зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш ва лаборатория қувватларини ошириш ҳамда шаффоф сифат назорати тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз таклифларни маъқуллаб, тегишли қарорларни имзолади. Мутасаддиларга белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, муҳокама қилинган йўналишларда аниқ натижаларга эришиш топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш