Logo

2025 йилда Ўзбекистонга 32 минг нафар япониялик туристик мақсадда ташриф буюрган

Январ 20, 2026. 16:50 • 2 дақ

57
2025 йилда Ўзбекистонга 32 минг нафар япониялик туристик мақсадда ташриф буюрган
2025 йилда Ўзбекистонга 32 минг нафар япониялик туристик мақсадда ташриф буюрган
2025 йилда Ўзбекистонга 32 минг нафар япониялик туристик мақсадда ташриф буюрган
2025 йилда Ўзбекистонга 32 минг нафар япониялик туристик мақсадда ташриф буюрган
2025 йилда Ўзбекистонга 32 минг нафар япониялик туристик мақсадда ташриф буюрган

НАГОЯ, 20 январь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Нагоя шаҳрида “Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти” мавзусида тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбир Япониянинг “Club Tourism International Inc.” сайёҳлик компанияси ҳамда юртимизнинг Япониядаги туризм элчиси, таниқли актёр Кейсуке Минами билан ҳамкорликда ташкил қилиниб, унда 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

Элчихона томонидан амалга оширилган тақдимот давомида сўнгги йилларда туризм йўналиши мамлакатимиз иқтисодиётининг “драйвер” соҳаларидан бирига айлантирилгани намойиш қилинди. Туризм соҳасида инфратузилмани яхшилаш, соҳани либераллаштириш ва хорижий сайёҳларга қулайликлар яратилиши натижасида Ўзбекистон минтақанинг “туризм маркази”га айланиб бораётгани маълум қилинди.

Туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 2025 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони қарийб 11,7 миллион нафарни ташкил этгани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистонга туристик мақсадларда ташриф буюрган Япония фуқаролари сони икки мамлакат алоқалари тарихида илк маротаба 32 минг нафардан ортиб, 2024 йилга нисбатан 162 фоизга кўпайгани билдирилди.

Тақдимот давомида ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси обидалари рўйхатига киритилган мамлакатимизнинг тарихий бинолари, Ўзбекистон ҳудудларининг туризм салоҳияти, япон сайёҳлари учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган миллий урф-одатлар, таомлар ва туризм йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Иштирокчиларни Ўзбекистонга саёҳат қилишга фаол тарғиб қилинди.

“Club Tourism International Inc.” компаниясининг Нагоя шаҳридаги филиали директори Кенжи Ёшизаки томонидан сўнгги йилларда япон сайёҳлари орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани айтилди. Компания томонидан янги туризм йўналишларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилди. Жумладан, ушбу компания томонидан “Туризм элчиси Кейсуке Минами билан Ўзбекистонга саёҳат қилинг!” мавзусида янги туризм дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Ўзбекистоннинг Япониядаги туризм элчиси Кейсуке Минами ўз тақдимоти давомида 2025 йилнинг август ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва тарихий обидалари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.

Тадбирда мамлакатимизнинг “туризм бурчаги” ташкил қилиниб, япон тилида тайёрланган сайёҳлик қўлланмалари ва хариталар тақдим қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Барчаси

TASHKENT WATER WEEK 2026 - inner