Logo

Покистондан муносабат: Ўзбекистон етакчисининг дипломатик корпус олдига қўйган талаблари мамлакатнинг халқаро нуфузини янада оширади

Январ 20, 2026. 19:22 • 2 дақ

48
Покистондан муносабат: Ўзбекистон етакчисининг дипломатик корпус олдига қўйган талаблари мамлакатнинг халқаро нуфузини янада оширади

КАРАЧИ, 20 январь. /“Дунё” АА/. Карачи шаҳридаги Ўзбекистон савдо уйи раҳбари ва “Diners” компанияси вице-президенти Соҳаил Мотен Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси ва дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан ўтказган учрашуви ҳақида фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президентининг Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши дунёда кечаётган глобал воқеликларга муносиб ташқи сиёсат олиб бориш муҳимлигини яна бир бор намоён этди.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда қўлга киритилган ютуқлар билан бир қаторда мамлакат ташқи сиёсатини бугунги замонга мос равишда ташкил этиш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди. Бундай шароитда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси “Барча дипломатик ваколатхоналар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланяптими?” деган масалани ўртага қўйди. Таъкидлаш жоизки, замонавий дипломатиянинг имкониятлари жуда катта бўлиб, унинг қамрови сиёсатдан тортиб иқтисодиёт ва маданият соҳаларигача кенгайиб бормоқда.

Давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас, элчи – инвестиция ва технология олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, мамлакат фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари мамлакатга хорижий инвестицияларни ва сармоядорларни жалб этишда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Покистон билан инвестициявий шерикликни кучайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бу борада Исломобод шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасининг саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этиш жоиз.

Элчихона ва Карачи шаҳридаги Ўзбекистон савдо уйи ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Биргаликда икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-миссиялари ва бизнес-форумлари мунтазам ташкил этилмоқда. Покистонда кенг кўламли иқтисодий дипломатия олиб борилиши натижасида янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда, Ўзбекистон ҳудудларида қўшма корхоналар ташкил этиляпти, янги иш ўринлари яратилмоқда, энг муҳими – одамларнинг фаровонлиги ошмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Покистон бизнеси Ўзбекистон бозорида фармацевтика, тўқимачилик, чарм, тоғ-кон, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим йўналишларда иштирок этишга юқори қизиқиш билдиряпти. Давлатингиз раҳбари қўйган талаблар покистонликлар учун ҳам янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга туртки беради, деб ўйлайман.

Меҳнат мигрантларини ҳимоя қилишга қаратилаётган эътиборни ҳам юксак баҳолайман. Бу Ўзбекистоннинг ўз фуқароларига бўлган юқори эътиборини тасдиқлайди.

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ташқи сиёсат идораси ва дипломатик корпус олдига қўйган талаблари Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада ошириш ва глобал ҳамкорликнинг янги фалсафасини акс эттирди. Ишончим комилки, йиғилишда билдирилган таклиф ва ташаббуслар замонавий ўзбек дипломатиясини илгари суришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш