“Republika”: Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлигида “Ал-Хоразмийдан Теслагача” номли кино ишланади

Сентябрь 03, 2026. 11:30 • 3 дақ

51
“Republika”: Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлигида “Ал-Хоразмийдан Теслагача” номли кино ишланади

БЕЛГРАД, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Нуфузли “Republika” нашрида Ўзбекистон ва Сербия ўртасида маданият соҳасидаги алоқаларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ёзишича, давлатлараро муносабатларнинг мустаҳкамлиги фақат сиёсий келишувлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки халқларнинг бир-бирини қанчалик яхши тушуниши ва ҳурмат қилиши билан ҳам белгиланади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар тобора янги мазмун касб этмоқда. 2025 йил 28 октябрда Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида бўлиб ўтган музокараларда таълим, илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланди. Энди асосий вазифа – яратилган ҳуқуқий асосларни аниқ ва самарали маданий лойиҳалар билан тўлдиришдир.

Бу борада Ўзбекистон маданиятини Сербияда кенг тарғиб қилиш, серб маданияти ва санъатини мамлакатимизда намойиш этиш муҳим аҳамиятга эга. Маданият кунлари, кўргазмалар, концертлар, кино намойишлари, театр гастроллари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари икки халқнинг бир-бирини яқиндан англаши учун самарали майдон бўла олади.

Нашрда қайд этилганидек, кинематография соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан биридир. 2026 йил апрель ойида Ўзбекистон Маданият вазирлигида Сербия Маданият вазирлиги давлат котиби Лав Пайкич билан бўлиб ўтган учрашувда икки давлат иштирокида амалга оширилиши режалаштирилаётган “Ал-Хоразмийдан Теслагача” қўшма кино лойиҳаси муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Ал-Хоразмий ва Никола Тесла каби буюк аллома ва ихтирочилар ҳаёти ва илмий меросини бирлаштирган ушбу лойиҳа икки халқнинг илм-фан ва цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг намоён этиш имконини беради.

2026 йилда Сербияда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режаси ҳам маданий дипломатиянинг муҳим қадами бўлиши мумкин. Бундай тадбирларни фақат концерт ёки кўргазма сифатида эмас, балки ёзувчи ва олимлар, санъаткорлар, ёш ижодкорлар иштирокидаги мулоқотлар, адабий кечалар, илмий конференциялар ва маҳорат дарсларини қамраб олган кенг маданий платформа сифатида ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Маданий меросни асраш соҳасида ҳам икки давлат учун кенг имкониятлар мавжуд. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар Ўзбекистоннинг бой меросини намоён этса, Сербия ҳам ўзининг қадимий шаҳарлари, меъморий обидалари ва миллий мероси билан фахрланади. Музейлар, архивлар ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида тажриба алмашиш, реставрация, музейшунослик ва маданий меросни рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалий натижалар бериши мумкин.

Халқларни яқинлаштиришда адабиёт ва таржима санъатининг ҳам ўрни беқиёс. Ўзбек адабиёти намуналарини серб тилига, серб адабиёти асарларини ўзбек тилига таржима қилиш икки халқнинг тарихи, руҳияти ва дунёқарашини янада чуқурроқ англаш имконини яратади.

Шу билан бирга, Тошкент ва Белград ўртасида ўрнатилган шериклик муносабатлари ҳам маданий алмашинувларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш