“Reuters”: UzNIF акциялари Лондон биржасида муваффақиятли жойлаштирилди

Май 23, 2026. 10:00 • 2 дақ

79
“Reuters”: UzNIF акциялари Лондон биржасида муваффақиятли жойлаштирилди

ЛОНДОН, 23 май. /“Дунё” АА/. Нуфузли “Reuters” нашрида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси – UzNIF акцияларининг Лондон фонд биржасида жойлаштирилганига бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда, “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, акцияларнинг жойлаштирилиши халқаро инвесторларда катта қизиқиш уйғотган. Аризаларнинг умумий ҳажми 2,8 миллиард доллардан ошиб кетди. Бу муваффақият Ўзбекистоннинг ҳам давлат, ҳам хусусий компаниялари учун кейинги IPO (акцияларни оммавий таклиф қилиш) жараёнларига йўл очади.

Агентликда ёзилишича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида 2025–2028 йилларда қатор йирик корхоналарнинг давлат улушини сотиш кўзда тутилган. Потенциал номзодлар сирасига олтин ва уран қазиб олувчи давлат компаниялари ҳамда миллий авиакомпания киритилган.

Лондон фонд биржасини бошқарувчи “LSEG” компанияси ушбу келишувни жорий йилда мазкур майдонда амалга оширилган энг йирик акцияларнинг бирламчи оммавий савдоси деб атади.

Шунингдек ўқинг

Миллий инвестиция фондини АҚШнинг “Franklin Templeton” инвестиция компанияси бошқаради. Фонд энергетика, коммунал хизматлар, транспорт ва инфратузилма тармоқларидаги йирик давлат корхоналарининг акциялар пакетига эгалик қилади.

Фонд фаолияти нафақат капитал жалб қилиш, балки корпоратив бошқарув сифатини ошириш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда мустақил директорлар ва молиявий раҳбарларни тайинлашга ҳам қаратилган.

“Reuters” маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизлик ўсишни қайд этган. Бунда аҳолининг ёш таркиби, ички бозорнинг кенгайиши ва олтин экспортининг юқори ҳажми асосий омил бўлди. Мамлакатдаги тизимли иқтисодий ўзгаришлар халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқишини янада кучайтирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш