Ўзбекистон ва Озарбайжон сармояларни жалб этишнинг янги марказини шакллантирмоқда

Май 18, 2026. 23:00 • 4 дақ

23
Ўзбекистон ва Озарбайжон сармояларни жалб этишнинг янги марказини шакллантирмоқда

ТОШКЕНТ, 18 май. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган инвестициявий майдонларидан бирини шакллантирмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Минтақадаги ўзаро савдо ва тўғридан-тўғри инвестициялар барқарор ўсишни намоён этиб, шаклланаётган сармоявий йўлакнинг ролини мустаҳкамламоқда.

Савдо ўсиши ва институционал асослар

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда қўшма лойиҳалар ҳажми 2024 йилга нисбатан 20–30 фоизга ошган. Ишлаб чиқариш занжирларини интеграциялаш ва “Made in Central Asia” саноат хабларини яратиш ҳисобига Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг умумий товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Бу жараёнларда сиёсий қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳукуматлараро комиссиялар, ишбилармонлар кенгашлари ва мунтазам ўзаро ташрифлар узоқ муддатли инвестиция кун тартибини шакллантириб, аниқ лойиҳаларнинг амалга оширилишига кўмаклашяпти.

Инвестиция оқимлари

Ўзбекистон сўнгги саккиз йил ичида қарийб 120 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилди. 2026 йилда қўшимча равишда тахминан 50 миллиард доллар сармоя оқимини таъминлаш режалаштирилган. Сармояларнинг асосий йўналишлари саноат, қурилиш, энергетика ва қишлоқ хўжалигини ўз ичига олиб, технологиялар трансфери ва экспорт салоҳиятига эга лойиҳаларга эътибор тобора кучаймоқда.

Шу билан бирга, халқаро инвесторларнинг минтақага қизиқиши ортиб бормоқда. Йирик молия институтлари Ўзбекистонни сармоя киритиш учун истиқболли бозор деб билаётган бўлса, Озарбайжондаги инфратузилма лойиҳалари ҳам жорижий инвесторларнинг диққат марказида бўлиб турибди.

Қўшма инвестиция ташаббусларининг ўрни

Ҳозирги вақтда Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компанияси қўшма сармояларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш бўйича асосий тузилмалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Компаниянинг фаолияти Ўзбекистон ва Озарбайжонда соғлиқни сақлаш, логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, финтех, ахборот технологиялари, таълим ҳамда энергетика соҳаларини қамраб олувчи узоқ муддатли лойиҳаларни шакллантириш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Компания стратегияси барқарор тармоқлар ҳамда юқори технологик салоҳиятга эга янги соҳаларни уйғун ривожлантиришга асосланган. Устувор йўналишлар қаторига соғлиқни сақлаш, логистика, саноат, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, молиявий технологиялар, IT, таълим ва энергетика киради. Компаниянинг сўнгги инвестицияларига қуйидагилар мисол бўла олади:

Шунингдек ўқинг

“Engineering+” билан ҳамкорликда ICE+ иммерсион совитиш технологияси асосида янги авлод дата-марказлари ускуналарини маҳаллийлаштириш учун 1,7 миллион доллар инвестиция киритилди. Лойиҳа микродата-марказлар ва сунъий интеллект вазифалари учун серверларни ишлаб чиқаришни қамраб олади. Маҳсулотлар ички бозор билан бирга Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилишга мўлжалланган.

Тошкентдаги “American University of Technology” ривожи учун “Cintana Education” ва “Arizona State University” билан ҳамкорликда 2 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Маблағлар кампусни модернизация қилиш ва университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланади.

Ўзбекистоннинг тез ривожланаётган чакана савдо тармоқларидан бирига 15 миллион доллар инвестиция киритилди. Ушбу маблағлар тармоқни кенгайтириш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва самарадорликни оширишга йўналтирилади.

Ҳозирги вақтда яна 15 та истиқболли лойиҳа кўриб чиқилмоқда.

Логистика — инвестиция коридорининг асоси

Транскаспий транспорт йўлаги Европа, Кавказ ва Марказий Осиёни боғловчи стратегик йўналиш ҳисобланади. 2025 йил январь-сентябрь ойларида Озарбайжон орқали юк ташиш ҳажми 2,65 миллион тоннага етиб, 6 фоизга ошди. Шу даврда Боку порти орқали контейнер ташувлари ҳажми 40 фоизга кўпайди.

Ушбу коридор транзит йўналишларини такомиллаштириш, анъанавий маршрутларга қарамликни камайтириш ва Европа Иттифоқи, Хитой ҳамда Жанубий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Бу эса минтақани халқаро капитал учун янада жозибадор қилиб, янги тармоқлар ривожини рағбатлантирмоқда.

Ривожланиш истиқболлари

2030 йилгача Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, “яшил” энергетика, саноат ва логистика соҳаларида инвестициявий портфелнинг барқарор кенгайиб бораётгани кузатиляпти. Транспорт коридори юқори экспорт салоҳиятига эга технологик лойиҳалар учун стратегик платформа сифатида босқичма-босқич шаклланмоқда.

Истиқболли вазифаларни амалга оширишнинг асосий йўналишларидан бири икки мамлакат корхоналари ва бизнес тузилмалари ўртасидаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 млрд долларлик инвестиция пакетини шакллантиришдир. Ушбу пакет саноат, инфратузилма ва технологик ривожланиш соҳасидаги ташаббусларни амалга оширишнинг амалий механизми, шунингдек, технологияларни жадал жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш воситаси сифатида кўриб чиқилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш