Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ўзига хос қадимий садо ва куйлар “Ohang” орқали тарихга муҳрланди
Май 22, 2026. 16:55 • 2 дақ
• 82
БРЮССЕЛЬ, 22 май. /“Дунё” АА/. Европанинг “Travel Tomorrow” ахборот платформасида Ўзбекистоннинг ўзига хос қадимий садолари ва куйларини асраб-авайлашга қаратилган янги лойиҳа ҳақида таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, тадқиқотчилар чўпонлар куйлайдиган наволар, қишлоқ байрамларида янграйдиган куйлар ва маҳаллий маросимларда чалинадиган ноғора садоларини рақамли форматга ўтказмоқда. Ушбу ташаббус “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳага кўра, йўлга қўйилган “Ohang” ташаббуси замонавий ижодкорлар учун ўзбек мусиқий меросидан эркин фойдаланиш ва ундан илҳомланиш имкониятини яратади.
Халқаро ижрочи, композитор ва номоддий маданий мероси бўйича мутахассис Ўктам Ҳакимовнинг сўзларига кўра, соҳада баъзи нотўғри тушунча ва тўсиқлар мавжуд.
“Мутахассис бўлмаганлар кўпинча маҳаллий мотивларни араб, озарбайжон ёки туркман мусиқаси билан аралаштириб юборишади. Мусиқий сток платформаларида “ўзбек мусиқаси” деб қидирилганда, аксарият ҳолларда умуман алоқаси бўлмаган композициялар таклиф этилади”, Ўктам Ҳакимов.
Ушбу муаммони ҳал этиш учун “Ohang” каталоги анъанавий мусиқанинг бепул рақамли архивини ва ягона очиқ ресурсни тақдим этади.
Мақолада ёзилишича, лойиҳа доирасида анъанавий ижод намуналарини ижро этиб келаётган мусиқачи ва соз усталари профессионал студияга йиғилиб, 24 та анъанавий чолғу асбобидан фойдаланган ҳолда 200 дан ортиқ ёзувлар базасини яратди. Улар орасида йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, йиртқич қушнинг қанот суягидан ясаладиган ноёб ва ўзига хос пуфлама чолғу – гажир най ҳам бор. Тадқиқотчилар учун профессионал ёзув жараёнида чолғуларнинг асл, аутентик янграшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш муҳим вазифа бўлган.
Эътиборли жиҳати, лойиҳа доирасида қарийб 50 йилдан бери ижро этилмай келинаётган ва бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган оҳанглар, жумладан, сурнайнинг қадимий куйлари илк бор тарихга муҳрланди. Мутахассисларнинг фикрича, бу каби ёзувлар нафақат бугунги ижодкорлар, балки келажакдаги илмий тадқиқотлар учун ҳам муҳим манбадир.
Келгусида ушбу рақамли архивни янада кенгайтириш ва тўлдириб бориш режалаштирилган. Ташкилотчилар ушбу куйлардан видео, кино, мусиқа ва реклама лойиҳаларида кенг фойдаланилишига умид билдирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“UN Journal”: Ўзбекистонда урбанизация соҳасида барқарор ривожланишнинг янги модели шаклланмоқда



