Ўзбекистон ва ЮНЕСКО таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди
Ноябрь 21, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 5
ПАРИЖ, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Франция пойтахтида Ўзбекистон таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Юлдашев ҳамда ЮНЕСКО Бош директорининг таълим масалалари бўйича ўринбосари Цюнь Чэнь ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
ЮНЕСКО штаб-квартирасида бўлиб ўтган мулоқот давомида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашувда Тошкент шаҳрида Президент ташаббуси билан ташкил этилган ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълимни ривожлантириш маркази фаолиятини самарали йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Марказни Марказий Осиё ва бошқа минтақалар учун илғор тажриба, билим ва инновацион ёндашувлар алмашинуви бўйича минтақавий майдонга айлантириш масалалари кўриб чиқилди.
ЮНЕСКО вакиллари Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатдаги таълим тизимини модернизация қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етгани ва ушбу натижа ЮНЕСКОнинг 2026 йилги глобал ҳисоботида ҳам акс этгани таъкидланди.
Томонлар 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Касбий таълим ва кўникмалар бўйича Жаҳон саммитига тайёргарлик масалаларини ҳам муҳокама қилди. ЮНЕСКО мазкур халқаро тадбирни ташкил этишда Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
“Таълимни экологиклаштириш бўйича ҳамкорлик” глобал ташаббуси доирасида экологик таълимни ривожлантириш, мактабларда барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш ва педагог кадрлар малакасини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида иштирокчилар таълим сифати ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси