Авазадаги саммитлар – барқарор ривожланиш ва минтақавий интеграция сари янги қадам

Октябрь 08, 2026. 08:10 • 5 дақ

• 84
Авазадаги саммитлар – барқарор ривожланиш ва минтақавий интеграция сари янги қадам

ТОШКЕНТ, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда МДҲнинг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун уч кунлик амалий ташриф билан Туркманистонга борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида 2021 йил 6 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтган эди.

Ўшандан буён минтақавий ҳамкорлик формати сезиларли даражада кенгайди ва бугун янги босқичга қадам қўймоқда. 2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ушбу жараённинг муҳим босқичи бўлиб, унинг якунларига кўра Озарбайжон ушбу форматга тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилди.

2026 йил 31 июль куни Чўлпонотада ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви мазкур жараённинг узвий давоми бўлди. Учрашув якунида Чўлпонота декларацияси қабул қилинди.

Авазада кутилаётган саммит ушбу мулоқотни ҳамда олдинги учрашувлар давомида шаклланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи бўлади.

Ўтган йиллар мобайнида Маслаҳат учрашувлари форматининг минтақа давлатларининг мунтазам сиёсий мулоқоти ва амалий ҳамкорлиги учун барқарор майдонга айланиши кузатилди. Аввалги анжуманлар кун тартибига изчил киритиб келинган савдо ва инвестициялар, транспорт ва энергетика, саноат кооперацияси, хавфсизлик, экология ҳамда гуманитар алоқалар масалалари истиқболдаги шерикнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг фаол иштирокчиларидан бири сифатида изчил фаолият юритиб келмоқда. Айнан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувлари формати илгари сурилган эди. Дастлабки шундай учрашув 2018 йил 15 март куни Остонада бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни фаол ривожлантирди, олий даражадаги учрашувларга мезбонлик қилди. Хусусан, 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда иккинчи Маслаҳат учрашуви ташкил этилган бўлса, 2025 йил 16 ноябрь куни ушбу форматдаги еттинчи саммит ўтказилди.

Олтинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатлар алоҳида аҳамиятга эга. Улар орасида Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Марказий Осиё – 2040” минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси, 2025–2027 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда 2025–2027 йилларда Марказий Осиё давлатларининг саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси мавжуд.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларида транспорт-логистика марказларини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми, Марказий Осиё энергетика вазирларининг биринчи учрашуви якунлари бўйича коммюнике ҳамда Марказий Осиё давлатлари транспорт вазирларининг иккинчи учрашуви бўйича Остона коммюникеси имзоланди.

Авазада бўлиб ўтадиган тадбирларда минтақавий кун тартиби билан бир қаторда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2026 йил 9 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтади. Бўлажак саммит Ҳамдўстлик доирасидаги кенг кўламли йўналишлар, савдо-иқтисодий, транспорт, хавфсизлик, илмий-техникавий, инновацион, гуманитар ва маданий алоқалар бўйича шериклик фаол ривожланаётган бир шароитда ўтказилади.

Шунингдек ўқинг

2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг МДҲ фаолиятидаги иштироки тизимли ва амалий тус олди. Бугунги кунда мамлакатимиз Ҳамдўстликнинг барча устав идоралари – давлат раҳбарлари, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, мудофаа вазирлари, чегара қўшинлари қўмондонлари, иқтисодий кенгашлар ва парламентлараро ассамблея йиғилишларида фаол қатнашиб келмоқда.

2017–2022 йилларда Ўзбекистон Президентининг МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишларидаги иштироки якунлари бўйича имзоланган ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон томонидан билдирилган ташаббусларнинг ўз вақтида ва тўлақонли ижросини таъминлашга қаратилган “Йўл хариталари” қабул қилинди.

Мазкур “Йўл хариталари”ни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон соҳавий ҳамкорлик бўйича 24 та идорага қўшилди. Натижада мамлакатимиз МДҲнинг 86 та органидан вазифалари миллий манфаатларга жавоб берадиган, Ўзбекистон томони учун амалий аҳамиятга эга бўлган 66 та тузилмаси фаолиятида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни ҳам изчил илгари сурмоқда. 2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамай, Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги доирасида 50 дан ортиқ тадбир ташкил этилди. Айнан шу даврда Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган БМТ Бош Ассамблеясининг “БМТ ва МДҲ ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида”ги резолюцияси 2020 йил 23 ноябрь куни бир овоздан қўллаб-қувватланди.

2026 йилда МДҲга Туркманистон раислик қилмоқда, Ўзбекистон эса навбатдаги раис сифатида Ҳамдўстликнинг бўлажак тадбирларига тайёргарлик кўришда фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистоннинг ҳар икки форматдаги иштироки мамлакатимизнинг минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги изчил ёндашувини ифодалайди. Бир томондан, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш ва Озарбайжон билан алоқаларни кенгайтиришда қатнашaётган бўлса, иккинчи томондан, МДҲ ва унинг соҳавий тузилмалари доирасидаги иштирокини фаол ривожлантирмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Авазадаги учрашув бир йўла икки – минтақавий ва кўп томонлама даражада мулоқотни давом эттириш учун муҳим майдонга айланмоқда. Ушбу тадбирлар ҳам Марказий Осиё ва Озарбайжон, ҳам МДҲ макони учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳамкорлик йўналишларини ўзаро мувофиқлаштириш ва ривожлантириш имконини беради.

Авазада ўтказиладиган тадбирларнинг аҳамияти саммитларнинг тақвимий кетма-кетлиги билан чекланиб қолмайди. Улар янада чуқур тенденция – минтақа давлатларининг тарқоқ икки томонлама алоқалардан Марказий Осиёнинг минтақавий формати ҳамда МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик бир-бири билан рақобатлашмай, аксинча, бир-бирини тўлдирадиган кўп босқичли ҳамкорлик тизимига ўтаётганини акс эттиради.

Айнан шу сабабли Аваза навбатдаги учрашувлар ўтадиган манзил эмас, балки минтақавий ҳамкорликнинг янги архитектураси шаклланаётган майдонлардан бирига айланмоқда.


Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш