Жильберто Аяла: Ўзбекистонда спортга қаратилаётган эътибор юксак натижаларга замин яратмоқда
Октябрь 07, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 60
НЬЮ-ЙОРК, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Венесуэлалик спортчи ва Халқаро яккакурашлар ҳамжамияти вакили Жильберто Аяла Ўзбекистонда Президенти раҳбарлигида спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жильберто Аяла Ўзбекистон етакчисининг спортга қаратаётган эътиборини юқори баҳолашини таъкидлаган. Унинг фикрича, мамлакатда спорт соҳасидаги саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ улкан натижалар қўлга киритилмоқда.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларнинг спорт билан шуғулланиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Замонавий инфратузилма жадал ривожланмоқда, энг йирик халқаро мусобақаларда миллий терма жамоалар олдига юксак мақсадлар қўйилган”, – дейди венесуэлалик спортчи.
Жильберто Аяланинг таъкидлашича, қўлга киритилаётган натижалар спортнинг давлат томонидан изчил қўллаб-қувватланиши нақадар самарали эканини кўрсатади. Бу муваффақиятлар янги марралар, хусусан, 2028 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари арафасида муҳим аҳамиятга эга.
“Ўзбекистоннинг миллий спорт турларига халқаро миқёсдаги қизиқиш ҳам тобора ортиб бормоқда. Ўзбек жанг санъати ҳисобланган “Турон” ана шундай йўналишлардан биридир. Бугунги кунда ушбу спорт тури АҚШ, Канада, Мексика, Венесуэла, Чили, Боливия, Перу ва Уругвайда ривожланмоқда. Дунёнинг бошқа минтақаларидаги спорт жамоатчилиги вакиллари билан ҳам алоқалар тобора кенгаймоқда”, – дейди Жильберто Аяла.
“Турон”ни халқаро миқёсда оммалаштириш майдонларидан бири Нью-Йорк бўлди. Бу ерда 2025 йилда ватандошимиз Фаррух Ниёзимбетов томонидан Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Халқаро “Турон” федерацияси ташкил этилди. Қисқа вақт ичида федерация Шимолий ва Жанубий Америка, Европа ҳамда Осиё мамлакатларининг спорт тузилмалари билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйди.
Жильберто Аяла “Турон” бўйича Панамерика тизимини шакллантириш ва минтақа давлатлари спортчилари иштирокида қитъа чемпионатини ўтказиш ушбу спорт турини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Спортчининг айтишича, ушбу жанг санъатининг халқаро географияси кенгайиб бораётган бир пайтда унинг миллий ўзига хослигини сақлаб қолиш зарур.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси