Logo

Санкт-Петербург давлат университетида ўзбек тили учинчи хорижий тил сифатида ўқитилади

Апрель 12, 2026. 14:51 • 2 дақ

30
Санкт-Петербург давлат университетида ўзбек тили учинчи хорижий тил сифатида ўқитилади

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари Санкт-Петербург давлат университетида бўлиб, ўзаро музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Санкт-Петербург давлат университетининг Тошкент филиали базасида “Фармация” ва “Биотиббиёт” таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди. Шу билан бирга, университетда ўзбек тилини учинчи хорижий тил сифатида ўқитишни ташкил этиш, олий таълим муассасаси қошида “Ўзбек кабинети”ни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда мақсадли кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий-техник лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш белгиланди.

Дипломатлар университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам суҳбат ўтказди. Мулоқот чоғида ёшларга консуллик-ҳуқуқий хизматлар ва миграция қонунчилиги бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Талабалар билан доимий алоқани таъминлаш мақсадида фаол ёшлар орасидан координатор сайланди.

724 йилда ташкил этилган, 9 нафар Нобель мукофоти лауреатларини етиштириб чиқарган ушбу нуфузли билим юрти бугунги кунда дунёнинг энг кучли 250 та университети қаторидан жой олган. Ҳозирги кунда университетда 250 нафардан зиёд ўзбекистонлик талабалар нанотехнологиялар, биотиббиёт, сунъий интеллект ва гуманитар фанлар йўналишида таҳсил олмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш