Logo

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида инвестициявий ҳамкорлик муҳокама қилинди

Апрель 12, 2026. 13:54 • 2 дақ

54
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида инвестициявий ҳамкорлик муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Элчи Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Osaka Batteries” фирмаси таъсисчиси, сенатор Талха Муҳаммад Маҳмуд билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Томонлар инвестицияларни жалб қилиш истиқболлари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун шароит яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Суҳбат давомида дипломат хорижий шерикларга мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, чет эллик инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг барқарор ўсиши кўп қиррали шерикликнинг муҳим таркибий қисмига айланаётгани таъкидланди.

“Osaka Batteries” раиси узоқ муддатли алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор эканини билдирди ва Тошкентда ваколатхона очиш ташаббусини илгари сурди. Унинг маълум қилишича, корхона Эрон ва Туркманистон орқали ўтадиган логистика йўналиши бўйича автомобиль, саноат ва энергетика соҳалари учун кенг турдаги аккумуляторларни етказиб беришни режалаштирмоқда.

Шунингдек ўқинг

Талха Маҳмуднинг сўзларига кўра, Тошкентдаги филиал маҳсулотларни Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига реэкспорт қилиш учун хаб вазифасини ўтайди. Компания делегацияси ушбу лойиҳани батафсил муҳокама қилиш учун жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирган.

Ўзбекистон томони таклифни ижобий баҳолаб, зарур амалий кўмак беришга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, асосий эътибор нафақат тайёр маҳсулот импортига, балки замонавий технологияларни жорий этиш, энергия сақлаш тизимлари ва литий-ионли ечимларни ривожлантиришга қаратилиши лозимлиги қайд этилди. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш республика ҳудудида тўлақонли саноат кооперацияси ва юқори технологияли қувватларни ишга тушириш учун асос бўлади.

Музокаралар якунида фаол мулоқотни давом эттириш ва яқин вақт ичида компания вакилларининг ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш