Logo

Германия матбуоти: Ўзбекистон барқарор, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакат сифатида сайёҳларни ўзига чорламоқда

Апрель 12, 2026. 14:42 • 2 дақ

59
Германия матбуоти: Ўзбекистон барқарор, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакат сифатида сайёҳларни ўзига чорламоқда

БЕРЛИН, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Reise Travel” онлайн нашри ва “UZBEKISTAN invest now” журналининг янги сонида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва юқори хавфсизлик даражасига бағишланган таҳлилий мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Барқарор, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакат” сарлавҳали ушбу материалларда Ўзбекистоннинг глобал туризм бозоридаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилган.

Немис нашрларининг маълумотига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон туризм соҳасида рекорд даражадаги ўсишга эришди. Мамлакатга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 12 миллион нафарга яқинлашиб, ўтган йилга нисбатан 16 фоизга ортди, туристик хизматлар экспорти эса 4,8 миллиард доллардан ошган. Бундай юқори кўрсаткичлар тизимли ислоҳотлар, инфратузилмани ривожлантириш ва соҳани рақамлаштириш натижасидир. Айниқса, 94 та давлат учун визасиз режим жорий этилгани мамлакатнинг халқаро очиқлигини янги босқичга олиб чиқди.

Шунингдек ўқинг

Мақолаларда дунёдаги геосиёсий беқарорлик фонида Ўзбекистоннинг хавфсизлик даражасига юқори баҳо берилган. Хусусан, “International SOS” рейтингида мамлакатимиз хавф даражаси энг паст бўлган (Low Risk) давлатлар қаторидан жой олди. “Numbeo” индексида эса Ўзбекистон хавфсизлик бўйича дунёда 25-ўринни эгаллаб, ёлғиз саёҳат қилувчи аёллар учун энг хавфсиз манзиллардан бири сифатида қайд этилди. Шунингдек, “Gallup” индекси Ўзбекистонни жамоат тартиби ва қонун устуворлиги борасида жаҳоннинг етакчи давлатлари сафига қўйди.

Немис экспертларининг таъкидлашича, бугунги Ўзбекистон Ипак йўлининг бой меросини замонавий қулайликлар ва юксак меҳмондўстлик билан уйғунлаштирган ҳолда тақдим этмоқда. Самимий мулоқот муҳити ва барқарор хавфсизлик тизими Ўзбекистонни халқаро майдонда энг истиқболли ва жозибадор сайёҳлик маркази сифатида намоён этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш