Сенаторлар педофилларга умрбод қамоқ жазоси берилиши бўйича ҳамма кутган қонунни маъқуллади

Октябрь 02, 2026. 19:00 • 3 дақ

• 102
Сенаторлар педофилларга умрбод қамоқ жазоси берилиши бўйича ҳамма кутган қонунни маъқуллади

ТОШКЕНТ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Сенатининг бугун бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент юқори палатаси 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини маъқуллади.

Қонунга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун узоқ муддатли 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.

Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги қўлланилмайди.

Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш бутунлай тақиқланмоқда.

Жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга процессуал ҳаракатларга жалб этилган илк дақиқалардан эътиборан давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Зўравонликдан жабр кўрган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштиришни махсус тартиб бўйича ўтказиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида ўтказиш белгиланмоқда.

Агар зўравонлик оила аъзолари ёки яқин қариндошлар томонидан содир этилган бўлса, процессуал жараёнларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий қилиб қўйилмоқда.

Меҳнат кодексига киритилаётган қўшимчага кўра, таълим ва тарбия муассасаларида болани тарбиялаш ва унга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилгани муносабати билан унинг меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга асос бўлади. Бундай шахсларнинг келгусида болалар билан ишлашига чеклов қўйилади.

Шу билан бирга, ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, уларнинг асосий эҳтиёжларини қасддан қаноатлантирмаслиги, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиши, болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар қайта зўравонликка учрашдан қўрқиб мурожаат қилишга иккиланмаслиги учун, уларнинг сўровига асосан яшаш манзилига ёзма ёки электрон жавоб хати юбормаслик тартиби жорий этилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш