Аичи–Нагоя: Спортчиларимиз медаллар жамғаришда давом этмоқда, ҳозирча 20 та олтин
Октябрь 02, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 101АИЧИ-НАГОЯ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Японияда ўтказилаётган Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар медаллар жамғаришда давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
2 октябрь кунги мусобақалар ўзбекистонлик спортчилар учун анча омадли келди. Қатор спорт турларида вакилларимиз олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган ҳолда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Тўрабек Ҳабибуллаев финалда хитойлик Хань Сюэчжень устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпиони бўлди.
Яна бир боксчимиз – 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Абдумалик Халоков ҳам мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди. У ҳал қилувчи финал жангида Жанг Донгван (Жанубий Корея) устидан ишончли ғалабага эришди.
Жаҳонгир Зокиров (+90 кг) эса финалда қозоғистонлик боксчи Айбек Оралбайга мағлуб бўлиб, кумуш медаль билан кифояланди.
Дзюдо баҳсларида Музаффарбек Тўрабоев (+100 кг) муваффақиятли иштирок этиб, финалга йўл олди. У ярим финалда мўғулистонлик рақибини иппон эвазига мағлуб этди. Финал беллашувида Музаффарбек мезбонлар вакили Хёга Отага қарши татамига чиқиб, рақибини мағлуб этди ва олтин медалга эга чиқди.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Эрназар Сарсенбаев (-100 кг) Осиё ўйинларининг бронза медалига сазовор бўлди.
Тенниснинг яккалик баҳсларида Ҳумоюн Султонов ярим финалга қадар етиб борди ва мусобақани бронза медали билан якунлади.
Велотрек баҳсларининг эркаклар ўртасидаги мэдисон дастурида иштирок этган Сергей Ростовцев ва Никита Цветков жуфтлиги 45 очко жамғариб, учинчи ўринни эгаллади ва бронза медалларига эга бўлди.
Шу билан бирга, таэквондо WT бўйича беллашувларида Жасурбек Жайсунов ва Озода Собиржонова барча рақибларини мағлуб этган ҳолда финалга йўл олди.
67 килограмм вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Озода Собиржонова ҳал қилувчи баҳсда Эрон вакили Сағар Морадийга қарши даянга чиқди. Кескин ва муросасиз ўтган беллашувда Озода мағлуб бўлди ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Мусобақанинг эркаклар ўртасида қатнашган ҳамюртимиз Жасурбек Жайсунов (-80 килограмм) финал баҳсида Хитой Тайпейи вакили Цзюнь-И Хун устидан зафар қучиб, Ўзбекистон делегациясига йигирманчи олтин медални келтирди.
Айни пайтда медаллар жадвалида Хитой, Япония ва Жанубий Корея кучли учликни банд қилган. Ўзбекистон эса 20 та олтин, 23 та кумуш ва 22 та бронза медаль билан кучли тўртликдан жой олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









