“The Diplomatic Insight": Ички ислоҳотлар Ўзбекистонга бўлган ишончни оширди
Август 18, 2026. 09:30 • 3 дақ
• 34
ИСЛОМОБОД, 18 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic insight” порталида Тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нурнинг “Ўзбекистоннинг янги уфқи” (Uzbekistan’s New Horizon) сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф мазкур мақоласида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида мамлакатимиз эришган юксак натижалар ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган халқчил сиёсат ҳақида сўз юритган.
Унинг ёзишича, бугунги Ўзбекистон ҳудуди қадимдан ғоялар, илм-фан, савдо ва давлат бошқарувида дунёга намуна бўлиб келган. Президент Шавкат Мирзиёев даврида ушбу тарихий тимсол замонавий сиёсий маъно касб этмоқда. Ўзбекистон яна бир бор ўз чегараларидан ташқарига таъсир ўтказмоқда, бу сафар миллий ислоҳотлар, минтақавий ишонч ва алоқаларнинг янги географияси орқали.
“Ўзбекистон етакчисининг давлатчилик сиёсати бир-бири билан чамбарчас боғлиқ учта ўзгариш орқали намоён бўлмоқда: давлатни ўз фуқаролари учун очиш, Марказий Осиё мамлакатларини ўзаро яқинлаштириш ва минтақани кенг дунё билан қайта боғлаш. Ички ислоҳотлар Ўзбекистонга иқтисодий ишончни оширди. Қўшни давлатлар билан муносабатларнинг яхшиланиши минтақавий барқарорликни таъминлади. Транспорт ва савдо алоқаларининг кенгайиши эса барқарорликни умумий имкониятга айлантирмоқда”, – деган Асиф Нур.
Шавкат Мирзиёев 2016 йилда Президент этиб сайланган пайтда Ўзбекистон кучли институтларга, ёш аҳолига ва улкан салоҳиятга эга эди. Бироқ иқтисодиёт ҳануз юқори даражада маъмурий бошқарувга асосланган, чегаралараро савдо эса чекланган эди. “Янги Ўзбекистон” ғояси давлат бошқарувининг йўналишини ўзгартириб, фуқаролар эҳтиёжларига жавоб берадиган бошқарув, тадбиркорлик, инвестициялар ва ижтимоий ҳимояни миллий сиёсат марказига олиб чиқди.
“Натижалар салмоқли. Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 145 миллиард доллардан ошди, экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга етди, хорижий инвестициялар эса 43 миллиард доллардан ошди. Йил давомида иқтисодиёт 7,7 фоизга ўсди, 2026 йил биринчи чорагида эса йиллик ҳисобда 8,7 фоизлик ўсиш қайд этилди. 2025 йил давомида камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди ва қарийб 1,5 миллион киши камбағалликдан чиқарилди”, – дейилган мақолада.
Муаллиф таъкидлаганидек, ислоҳотлар жараёни ҳали якунлангани йўқ. Ўзбекистон иш ўринларини яратиш, энергия ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, рақобатни кучайтириш ҳамда инвестициялар технология трансферини таъминлашда давом этиши керак. Аммо йўналиш аниқ. Мамлакат тақчилликни бошқаришдан салоҳиятни шакллантиришга ўтмоқда ва иқтисодиётини халқаро рақобатга тайёрламоқда.
Шунингдек, шарҳда Давлатимиз Раҳбарининг ташқи сиёсатдаги энг муҳим ютуқлари, Покистон билан муносабатлар, хусусан шу йил февраль ойида мазкур мамлакатга амалга оширилган давлат ташрифи натижалари батафсил таҳлил қилинган.
Асиф Нур ўз мақоласини “Янги Ўзбекистон ўз ўтмишини қайта тиклашга уринмаяпти, аксинча, балки ўтмишнинг энг муҳим тажрибаларини миллий тараққиёт ва минтақавий фаровонликнинг замонавий қарашларга уйғунлаштирмоқда”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси