“Infora News”: Ўзбекистон ШҲТ маконида янги таълим ташаббусларини илгари сурмоқда
Август 16, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 125
ИСЛОМОБОД, 16 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “Infora News” электрон нашри “Марказий Осиёда таълим интеграцияси: ШҲТ доирасидаги янги имкониятлар” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи ёзганидек, Марказий Осиё географик жойлашувига кўра, азалдан турли цивилизациялар, маданиятлар ва илмий мактаблар, маърифат ўчоқлари туташган глобал чорраҳа бўлиб келган. Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалга оширилаётган таълим ва илм-фан интеграцияси, академик ҳаракатчанлик ҳамда муштарак тадқиқотлар замонавий зарурат эмас, балки минтақанинг минг йиллик тарихий-маданий мероси ва бой илмий анъаналарига асосланган табиий, қонуниятли жараёндир.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда ШҲТ доирасида амалга оширилаётган ва олий таълим тизимида акс этаётган жараёнлар ушбу тарихий анъаналарнинг мантиқий ва замонавий давомидир.
“ШҲТ доирасидаги янги таълим ташаббуслари Марказий Осиё олий ўқув юртларига глобал академик муҳитда муносиб ўрин эгаллашга ёрдам бермоқда. Биргаликда яратилаётган қўшма дастурлар ва грантлар минтақадаги иқтидорли ёшларга ўз юртида ва ҳамкор мамлакатларда юқори сифатли таълим олиш имконини тақдим этмоқда”, – дейилган материалда.
Таъкидланишича, 2026 йил 16 июнь куни ШҲТга аъзо давлатлар таълим вазирларининг Беларусда бўлиб ўтган 10-йиғилишида айнан таълим орқали ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ва билимлар маконини кенгайтириш ғояси марказий мавзуга айланди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.Шарипов томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва мамлакатимиздаги таълим қамровини ошириш тажрибаси аъзо давлатлар диққат марказида бўлди.
Нашрда 2025 йилда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг соҳавий ташкилотлари томонидан халқаро қўшма илмий лойиҳалар танлови эълон қилингани урғуланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан сўнгги йилларнинг ўзида 140 дан ортиқ ёш тадқиқотчи ва мутахассисларнинг Хитой, Россия, Қозоғистон ва Ҳиндистоннинг етакчи илмий-таълим марказларида илмий стажировкалари ташкил этилгани қайд этилади.
Тошкентда муваффақиятли ўтказилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ёшлари ўртасида “ШҲТнинг 100 нафар келажак инноватори” халқаро танлови ўтказилганлиги алоҳида таъкидлаш лозим.
“Infora News” электрон нашрида жойлаштирилган мақола “Биргаликда яратилаётган рақамли экотизимлар, “яшил” илм-фан ташаббуслари ва ёшлар ўртасидаги самимий академик мулоқот ШҲТ маконини глобал тараққиёт ва инновацияларнинг қудратли двигателига айлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутади”, – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси