“The World News”: Покистон учун Ўзбекистон харитадаги чегаралар билан чекланган узоқ давлат бўлмаган
Февраль 12, 2026. 10:47 • 3 дақ
• 93
ИСЛОМОБОД, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” электрон нашрида “Бир юрак, икки миллат: Ўзбекистон ва Покистон умумий келажакни қайта ёзмоқда” (“One Heart, Two Nations: Uzbekistan, Pakistan Rewriting Shared Destiny) сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифлари Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси собиқ президенти Миан Нассер Ҳятт Магго ва эксперт Аршад Аббаси.
“Умид ва истиқболга тўла янги давр шаклланмоқда. Биз учун Ўзбекистон ҳеч қачон харитадаги чегаралар билан чекланган узоқ давлат бўлмаган. У болалигимизданоқ қалбимизда яшаб келган, ҳикояларимизни шакллантирган, дуоларимизга йўл кўрсатган ва ўзлигимизни белгилаган мамлакат. Дипломатия расмий тил касб этмасидан анча олдин, қалбларимиз Ўзбекистонни яқин ва таниш деб билган. Бугун Покистон ва Ўзбекистон янгиланган ва янада чуқур шериклик сари қадам қўяр экан, болаликдаги бу орзулар табиий равишда стратегик мақсадга айланди”, – дея ёзади муаллифлар.
Нашрда таъкидланганидек, Ўзбекистон билан алоқаларимиз яқинда пайдо бўлган эмас, у асрлар давомида шаклланган ва умумий тарих ҳамда цивилизациялар билан чуқур илдиз отган. Алоқаларимиз Фарғона водийсининг фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур тоғлару дарёларни кесиб ўтиб, Ҳинд водийсига кириб келган пайтдан бошланган. 1519 йилда Бобур ҳозирги Покистон ҳудудида жойлашган Чинаб дарёсига етиб келди ва шу дамдан эътиборан тарих Ўзбекистондан Жанубий Осиё томон юзанди. Бобурийлар билан маданият кириб келди, эътиқод мустаҳкамланди, умумий цивилизация илдиз ота бошлади ва у ҳеч қачон тўхтагани йўқ.
“1991 йил сентябрда Ўзбекистон мустақил ва суверен давлат сифатида дунё саҳнасига чиққан пайтда, биз сўз билан ифодалаш қийин бўлган қувончни ҳис этдик. Ана шу ондан бошлаб, моддий манфаат учун эмас, балки муҳаббат, тарих ва чуқур тақдир ҳиссидан келиб чиқиб, унинг чегараларидан ташқаридаги энг кучли тарафдорларидан бирига айландик”, – дейилган нашрда.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлат бўлиши мумкин, аммо у ҳеч қачон яккаланган эмас. География чекловлар қўйган, бироқ тафаккур уларни бартараф этган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзгаришларга йўналтирилган ва амалий раҳбарлиги остида Ўзбекистон кам сонли давлатлар журъат қила оладиган ишларни амалга оширди. У чуқур ислоҳотлар ўтказди, мамлакат жаҳонга очилди ва инклюзив ўсишга эришди.
Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон энергияга боғлиқликдан қатъий равишда чиқиб, ишлаб чиқаришни мустаҳкамламоқда, хизматлар соҳасини кенгайтирмоқда, бозорларни ислоҳ қилмоқда ва умумий бизнес муҳитини яхшиламоқда. Миллионлаб одамлар камбағалликдан чиқарилди ва бу ютуқ тасодиф эмас. Бу – Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги туб ўзгаришлар самарасидир.
“Ушбу кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида Покистон билан ҳамкорликни кучайтириш стратегик аҳамият касб этади. Икки мамлакат логистика, тўқимачилик, ишлаб чиқариш, фармацевтика ва агросаноат соҳаларида табиий тарзда бир-бирини тўлдиради. Покистон Ўзбекистонга Карочи ва Гвадар портлари орқали денгизларга энг яқин чиқиш имкониятини таклиф этади, Ўзбекистон эса ислоҳотлар суръати, саноат салоҳияти ва минтақавий таъсир доирасини олиб келади. Улар биргаликда кучли Шимол –Жануб иқтисодий коридорининг таянчига айланади”, – дея урғуланган манбада.
Нашрда қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 5-6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифи ҳақиқий бурилиш нуқтаси бўлди. Бир қатор келишувлар имзоланди ва беш йил ичида икки томонлама ўзаро савдони 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича Баённома қабул қилинди. Савдо, инвестиция, илмий тадқиқотлар, технология, қишлоқ хўжалиги ва саноат ҳамкорлигини қамраб олган беш йиллик йўл харитасини ишлаб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилди. Бу институционал тизим барқарор, келажакка йўналтирилган ва иқтисодий реализмга асосланган.
Мақола “Ўзбекистон ва Покистон моҳиятан икки танадаги бир юракдир. Динимиз бир, маданиятимиз бир, тарихимиз ва келажагимиз муштарак. Ўзбекистонга бўлган муҳаббатимиз дипломатик ёки манфаатга асосланган эмас – у шахсий, ҳиссий ва абадийдир. Биз бу лаҳзани ўнлаб йиллар кутдик ва у ниҳоят етиб келди. Янги давр бошланди...”, – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
