Logo

АҚШдаги ўзбек диаспораси Тошкентдаги болалар шифохонасига гуманитар ёрдам кўрсатди

Февраль 12, 2026. 11:36 • 47 сония

92
АҚШдаги ўзбек диаспораси Тошкентдаги болалар шифохонасига гуманитар ёрдам кўрсатди
АҚШдаги ўзбек диаспораси Тошкентдаги болалар шифохонасига гуманитар ёрдам кўрсатди

НЬЮ-ЙОРК, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Жамоатчилик фаоли Отабек Маҳкамов ташаббуси ҳамда АҚШдаги ўзбек диаспорасининг фаоллиги билан Нью-Йоркда Тошкент шаҳрида жойлашган У.Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонасига ёрдам кўрсатиш мақсадида инсонпарварлик акцияси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу ташаббус доирасида диаспора вакиллари ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бирлашди. Йиғилган маблағлар ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар, диагностика ва реабилитация муолажаларини ўтказиш учун жиҳозлар, махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинди.

Юборилган ускуналар аллақачон тиббиёт муассасасига етказилган ва шифокорларнинг амалий фаолиятида қўлланилмоқда. Бу неврологик ва психоневрологик касалликларга чалинган болаларга кўрсатилаётган ёрдам сифатини ошириш имконини беради.

Ушбу инсонпарварлик акцияси Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси иштирокида амалга оширилди ва хориждаги ватандошларимизнинг бирдамлиги, уларнинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшишга бўлган самимий интилишининг яна бир намунаси бўлди.

Ташкилотчиларнинг қайд этишича, диаспора вакиллари иштирокидаги бундай ташаббуслар келгусида ҳам давом эттирилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш