“The World News”: Марказий Осиё ва Озарбайжон ягона транспорт маконини шакллантирмоқда
Июль 25, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 74
ИСЛОМОБОД, 25 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” онлайн нашрида “Марказий Осиё ва Озарбайжон: ягона транспорт маконини шакллантириш истиқболлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлиги минтақавий савдонинг барқарорлигини таъминлаш, транспорт маршрутларини диверсификация қилиш ва Евроосиё маконида иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришнинг муҳим омилига айланиб бораётгани таъкидланган.
Нашрда ёзилганидек, Озарбайжон географик жойлашувига кўра, Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа давлатлари билан боғловчи кўприк ҳисобланади. Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари Озарбайжон учун Хитой ва Жанубий Осиёнинг жадал ўсиб бораётган бозорларига чиқиш имкониятини очиб беради. Мана шундай ўзаро тўлдирувчанлик узоқ муддатли транспорт-логистика ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевор яратади.
“Ушбу ҳамкорликнинг марказида Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта йўлак) туради. Сўнгги йилларда мазкур йўналишга бўлган эътибор изчил ортиб бормоқда: 2025 йил якунига кўра, Ўрта йўлак орқали умумий юк ташиш ҳажми 4,7 млн тоннадан ошди. Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон юкларининг Ўрта йўлак орқали ташиш ҳажми икки баробарга ўсиб, 2025 йил якунига келиб 1,3 млн тоннага етди”, – дейилган манбада.
Ўзбекистон юклари учун Транскаспий транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини 1,5 миллион тоннага етказиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ учрашувлари мунтазам ўтказилиб, Каспий денгизи орқали юк ташиш салоҳиятини кенгайтириш ва юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек, кема харид қилиш масалалари муҳокама қилиб келинмоқда.
Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Тожикистон темир йўл идоралари иштирокида “Евроосиё транспорт маршрути” ассоциациясининг ташкил этилгани йўлакдаги логистик тўсиқларни тезкор бартараф этишнинг институционал платформасини яратди.
Материал хулосасида “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги стратегик шериклик минтақаларни ўзаро боғлабгина қолмай, бутун Евроосиё маконида юк ташиш занжирларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда”, – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси