Владивостокда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича учрашув ўтказилди

Июль 25, 2026. 10:30 • 2 дақ

75
Владивостокда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича учрашув ўтказилди

ВЛАДИВОСТОК, 25 июль. /“Дунё” АА/. 23 июль куни мамлакатимизнинг Владивостокдаги Бош консулхонаси дипломатлари Россия Тергов қўмитасининг Приморск ўлкаси бўйича бошқармаси раҳбари, генерал-майор Эдуард Трубчик билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивосток шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Евгений Волосастов иштирок этган мулоқотда томонлар амалий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув давомида Россия Жиноят-процессуал кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумонланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисидаги маълумотларни Бош консулхонага тақдим этиш тартибига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Приморск ўлкасида вақтинча ва доимий истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан энг кўп содир этилаётган қонунбузарлик турлари таҳлил қилинди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар чоғида фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда меҳнат миграцияси соҳасида юзага келаётган масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари кўпчиликни ташкил этадиган корхона ва ташкилотларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган мунтазам профилактик ва тушунтириш ишларини ҳамкорликда ташкил этишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш