Фарғона вилояти Данғара тумани спорт мактаби мураббийси Япониядаги халқаро ярим марафонда совринли ўринни қўлга киритди
Октябрь 16, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 75
МАЙЗУРУ, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Киото префектурасида жойлашган Майзуру шаҳрида анъанавий “Maizuru Red Brick Half Marathon 2026” халқаро ярим марафони бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон вакили, Фарғона вилояти Данғара тумани спорт мактаби мураббийси Арофатхон Имомалиева муваффақиятли иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритди. Спортчимиз Фарғона вилояти делегацияси таркибида жорий йилнинг 9–13 октябрь кунлари Японияда бўлиб турибди.
Майзуру шаҳар маъмурияти ҳамда Киото префектураси енгил атлетика ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Япониянинг турли ҳудудлари ва ўнга яқин хорижий давлатдан келган жами 3 минг 300 нафарга яқин югуриш ихлосмандлари қатнашди.
Ярим марафон йўналиши Майзуру кўрфази, Япония денгиз ўзини ўзи мудофаа кучларининг ҳарбий-денгиз инфраструктураси ва шаҳарнинг тарихий қизил ғиштли бинолари ҳудудидан ўтди. Бу иштирокчиларга нафақат спорт маҳоратини синовдан ўтказиш, балки ҳудуднинг тарихий мероси ва туристик салоҳияти билан танишиш имконини ҳам яратди. Ҳаво ҳарорати 26 даражага етганига қарамай, мусобақа қатнашчилари юқори матонат кўрсатиб, қарийб 2 минг нафар спортчи масофани муваффақиятли якунлади.
Ўзбекистон вакиласининг мазкур халқаро мусобақада совринли ўринни эгаллаши мамлакатимиз спортчиларининг юқори салоҳиятини жаҳон аренасида яна бир бор намоён этиб, икки мамлакат ўртасидаги спорт соҳасидаги ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси