“ISIWIS”: Ўзбекистоннинг “Олти иқтисодиёт – бир маҳсулот” ташаббуси Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон иштирокида ишлаб чиқариш занжирини яратишга қаратилган
Октябрь 16, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 54
ТЕЛЬ-АВИВ, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Исроил Ахборот урушларини тадқиқ этиш институти (ISIWIS) интернет-платформаси бош муҳаррири Юрий Бочаровнинг Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунларига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф Ўзбекистон етакчиси томонидан Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида илгари сурилган ташаббусларни таҳлил қилган.
Мақолада Ўзбекистоннинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришда яхши қўшничилик муносабатлари, транспорт боғлиқлиги ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларининг аҳамияти алоҳида таъкидланган.
Туркманистон билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, Озарбайжон билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Жанубий Кавказ ва Европа бозорларига чиқиш учун Каспий йўналишидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этилишича, транспорт йўналишларини ривожлантириш ва чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш юк ташиш харажатларини камайтириш ҳамда ўзбек маҳсулотларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳим ташаббуслар қаторида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон иштирокида қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратишни назарда тутувчи “Олти иқтисодиёт – бир маҳсулот” таклифи алоҳида кўрсатиб ўтилган. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 2027 йилда Хивада бизнес-форум ўтказиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш платформасини яратиш таклиф этилган.
Материалда 2027 йилда Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги давридаги устувор йўналишлар, жумладан, транзит харажатларини қисқартириш, сертификатларни ўзаро тан олиш ва юк ташиш қоидаларини соддалаштириш масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилган.
Муаллифнинг баҳолашича, ушбу ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши минтақадаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон корхоналарининг имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатнинг халқаро савдодаги ўрнини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси