Ичиро Хиросава: ХХ Осиё ўйинларида Ўзбекистон Осиёнинг етакчи спорт давлатларидан бири сифатида ўз салоҳиятини тўла намоён этди

Октябрь 06, 2026. 09:30 • 3 дақ

• 309
Ичиро Хиросава: ХХ Осиё ўйинларида Ўзбекистон Осиёнинг етакчи спорт давлатларидан бири сифатида ўз салоҳиятини тўла намоён этди

НАГОЯ, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Нагоя шаҳри мэри Ичиро Хиросава “Дунё” ААга берган интервьюсида Япониянинг Аичи префектурасидаги Нагоя шаҳрида ўтказилган XX Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар эришган натижаларни юқори баҳолади:

– XX Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг ёрқин ва муваффақиятли иштироки муносабати билан Нагоя шаҳри аҳолиси номидан самимий табрикларимни изҳор этаман.

Ушбу мусобақаларда Ўзбекистон спортчилари кураш, академик эшкак эшиш, каноэ ва бошқа кўплаб спорт турларида юксак натижаларга эришиб, Осиёнинг етакчи спорт давлатларидан бири сифатида ўз салоҳиятини тўла намоён этди.

Спортчиларнинг шижоат ва ғайратга бой ҳаракатлари, 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медални қўлга киритиши кўплаб томошабинларда катта таассурот қолдириб, мусобақаларнинг янада кўтаринки руҳда ўтишига катта ҳисса қўшди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда спортни ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқлар алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб, халқаро майдонда муваффақиятли иштирок этаётган кўплаб юқори салоҳиятли спортчиларни етиштиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар қайд этган натижалар ана шундай тинимсиз меҳнат ва саъй-ҳаракатларнинг самараси бўлиб, Осиё спорти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишда муҳим аҳамият касб этди.

Айни пайтда, спортчиларингизнинг нафақат мусобақалар давомида, балки спорт майдонидан ташқарида ҳам намоён этган юксак маданият ва одоб-ахлоқи қалбимизга хурсандчилик улашди. Ғалаба қувончини жамоадошлари билан биргаликда баҳам кўриши, рақибларга доимо ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳамда сўнгги дақиқаларгача бор куч ва ғайратини намойиш қилиши Нагоя шаҳри аҳолисида ёрқин таассурот уйғотди.

Ўзбекистон вакиллари юксак спорт маҳорати ва олижаноб инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган атлетлар сифатида мусобақаларнинг асосий ғояларини амалда намоён этди.

Шунингдек ўқинг

Нагоя шаҳридаги бошланғич мактабларда ташкил этилган тадбирларда қатнашган, дзюдо бўйича муваффақиятга эришган Ўзбекистон спортчиларига алоҳида миннатдорлигимни билдираман. Жаҳон миқёсида юқори натижаларга эришаётган спортчилар билан бевосита мулоқот қилиш ва улардан ўрганиш имконияти болалар учун беқиёс тажриба бўлди.

Дзюдочиларнинг спортга бўлган иштиёқ, меҳнат ва интилишнинг аҳамияти, ҳурмат ва одобга садоқат ҳамда қийинчиликларга қарши мардона курашиш ҳақидаги фикрлари келажак эгалари бўлган болаларга катта орзу ва умид бағишлади. Ушбу самимий ва илиқ мулоқот учун яна бир бор ташаккур билдираман.

Нагоя ва Тошкент шаҳарлари ўртасида туризм ва маданий алмашинув йўналишида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган. Ушбу шериклик асосида ўзаро дўстлик муносабатлари изчил ривожланиб келмоқда.

Ушбу Осиё ўйинлари доирасида шаклланган дўстона мулоқот Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлайди. Бу саъй-ҳаракатлар келгусида ўзаро англашув ва дўстлик муносабатларини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон спорт делегациясининг барча аъзоларига мустаҳкам соғлиқ, келгуси фаолиятларида янада улкан муваффақият, Ўзбекистон халқига эса фаровонлик ва равнақ тилайман.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш