Ўзбекистон ва Иордания парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Ноябрь 22, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 44ТОШКЕНТ, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Агзамходжаев 19 ноябрь куни “Иордания – Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Хайель Убайдат бошчилигидаги делегация билан онлайн шаклда учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида томонлар парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Иштирокчилар икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч, мунтазам мулоқот ва дўстона муносабатлар кўп қиррали шерикликни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини таъкидладилар. Томонлар парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳамда олий ва юқори даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, олий ўқув юртлари ва илмий марказлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, академик алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда икки халқнинг бой тарихий-маданий мероси асосида туризмни ривожлантириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

