Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКОда таълим масалалари бўйича юқори даражадаги вазирлар мулоқотида иштирок этди
Ноябрь 22, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 55
ПАРИЖ, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида “2030 йилгача ва ундан кейинги даврда кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва ўқитишни ривожлантириш” мавзусида юқори даражадаги вазирлар мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ЮНЕСКОнинг кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича янги Глобал ҳисоботи тақдимотига бағишланган халқаро форум доирасида ўтган тадбирда аъзо давлатлар вазирлари, юқори мартабали вакиллари ҳамда ташкилот раҳбарияти иштирок этди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини тақдим этди. Қайд этилишича, давлат томонидан молиялаштиришнинг изчил оширилиши, давлат-хусусий шерикликнинг ривожлантирилиши ва муассасалар тармоғининг кенгайтирилиши натижасида сўнгги ўн йил ичида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 30 фоиздан 78 фоизга етиб, қарийб 2,4 миллион нафар болани ташкил этди. Шунингдек, иштирокчиларга Тошкентда ЮНЕСКОнинг мактабгача таълимни ривожлантириш маркази фаолиятини йўлга қўйиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Туркия, Марокаш, Уммон, Саудия Арабистони, Уганда, ЖАР, Габон, Кения ва Кабо-Верде таълим вазирликлари раҳбарлари қатнашган мулоқотда Ўзбекистон ютуқлари ҳамда 2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Бутунжаҳон конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясининг халқаро аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ЮНЕСКОнинг Узлуксиз таълим тизимлари сиёсати бўлими директори Борхен Чакрун Ўзбекистондаги тизимли ўзгаришлар, давлат инвестицияларининг ўсиши ва давлат-хусусий шериклик механизмларининг муваффақиятли қўлланилишини юқори баҳолади. У Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият учун катта қизиқиш уйғотишини, “Тошкент декларацияси” эса мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.
Ўзбекистон делегациясининг ушбу мулоқотдаги иштироки миллий ислоҳотлар натижаларини халқаро ҳамжамиятга етказиш, мамлакатимизнинг Тошкент декларацияси ижросига содиқлигини тасдиқлаш ва ЮНЕСКО билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси