Ўзбекистон ва Қозоғистон “узлуксиз транзит” механизмини жорий этиш бўйича Ишчи гуруҳ тузади
Сентябрь 16, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 34
ТОШКЕНТ, 16 сентябрь. / “Дунё” АА/. Самарқандда халқаро автомобиль ташувлари бўйича Ўзбекистон–Қозоғистон Қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ва Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Мақсат Қалиақпаров раҳбарлигида ўтган мажлисда икки мамлакат ўртасида халқаро автомобиль ташувларини янада ривожлантириш, юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш, рухсатномалар тизимини такомиллаштириш ҳамда транзит салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасида тегишли тартиб-таомилларни соддалаштириш ва рақамлаштириш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш ҳамда босқичма-босқич электрон ҳужжат айланишига ўтишни кўзда тутувчи “узлуксиз транзит” механизмини жорий этиш бўйича икки томонлама Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Шунингдек, автомобиль транспортида мунтазам бўлмаган халқаро йўловчи ташувларини амалга оширишда 2027 йилдан бошлаб электрон рухсатнома бланклари тизимини жорий этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Учрашув давомида автотранспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва транспорт назорати самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқаришни таъминлашга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси