“World Nuclear News”: Ўзбекистон биринчи АЭС лойиҳасида маҳаллийлаштиришни кенгайтирмоқда
Сентябрь 16, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 81
ЛОНДОН, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг биринчи атом электр станциясини қуришда маҳаллий ишлаб чиқариш ва миллий компаниялар иштироки улушини ошириш бўйича топшириқ берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Британиянинг “World Nuclear News” порталига таяниб.
Мақолада қайд этилишича, ҳозирда лойиҳада маҳаллий ишлаб чиқариш улуши тахминан 21 фоизни ташкил этади. Уни камида 30 фоизга, ўзбекистонлик корхоналар томонидан бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари улушини эса 65 фоизга етказиш режалаштирилган.
Маҳаллийлаштиришни ривожлантириш учун солиқ ва божхона имтиёзларига эга бўлган 200 гектар майдонда саноат зонасини ташкил этиш режаси тасдиқланди. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.
Шунингдек, атом саноати ходимлари учун тахминан 33 минг кишига мўлжалланган, 200 гектар майдонда шаҳарча қуриш режалаштирилган. Унда 10 мингга яқин хонадон, мактаблар, болалар боғчалари, шунингдек, тиббиёт, спорт ва маданият масканлари барпо этилади.
АЭС лойиҳаси Жиззах вилоятида амалга оширилмоқда. 2025 йилда станция конфигурацияси ўзгартирилгандан сўнг, у ҳар бирининг қуввати тахминан 1 ГВт бўлган ВВЭР-1000 реакторли иккита энергоблок ва иккита кичик қувватли блокни ўз ичига олади. Станциянинг умумий электр қуввати дастлаб режалаштирилган 330 МВт ўрнига 2,1 ГВтдан ошади.
Давлат раҳбари қурилиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ҳамда атом саноати учун зарур кадрларни тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси