Чехияда италиялик рассомнинг Ўзбекистонга бағишланган расмлар кўргазмаси намойиш қилинди
Сентябрь 16, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 103ПРАГА, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Чехия пойтахтида италиялик рассом Тициано Мараско томонидан Ўзбекистонга бағишлаб яратилган “Sogdiana” расмлар кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу намойиш Чехияда яшовчи италиялик рассом ва журналист Тициано Марасконинг 2025 йилда Ўзбекистонга амалга оширган сафари таассуротларига бағишланган.
Элчихона кўмагида ўтказилган кўргазмада Хива, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарлари манзаралари, миллий мерос ва саноат тараққиёти ўртасидаги контраст акс эттирилган суратлар намойиш этилди.
Тадбир давомида ўзбек миллий мусиқаси, ҳунармандчилик намуналари ва анъанавий кийимлар кенг тақдим этилди. Тициано Мараско Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан қутлаб, ўзбек халқига табрик йўллади.
“Бутун ўзбек халқини истиқлол шодиёнаси билан чин қалбимдан табриклайман. Ўтган йили Ўзбекистонга сафарим давомида олган таассуротларим асосида мамлакат маданияти ва анъаналари ҳақида қатор расмлар яратдим. Бу асарларда Хивадан Тошкентгача йўл-йўлакай кўрган-кечирганларим, йирик шаҳарлар тасвирланган”, — дея таъкидлаган рассом.
Тициано Мараско 1985 йилда Италиянинг Удине шаҳрида туғилган. Ҳозирда Прагада яшайди ва у ерда мустақил журналист ҳамда рассом бўлиб фаолият юритади. 2004 йилдан буён рассомчилик билан шуғулланиб келади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



