Ўзбекистон ва Хитой “Самарканд–2028” гиперспектрал сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди
Август 05, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 35
ПЕКИН, 5 август. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Star.Vision” компанияси томонидан Шандун провинциясидаги космодромдан “Самарканд–2028” номли гиперспектрал сунъий йўлдоши муваффақиятли учирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Вазни 300 кг бўлган сунъий йўлдошнинг ноёблиги масофадан зондлашнинг бошқа аналогларига нисбатан енгил эканидадир. Таққослаш учун, Американинг “WorldView–3” сунъий йўлдоши 2,8 тонна, Европа космик агентлигининг “Sentinel–2” сунъий йўлдоши эса 1140 кг келади.
Хитойлик мутахассисларнинг маълум қилишича, “Самарканд–2028” сунъий интеллектга эга ҳисоблаш блоки билан жиҳозланган, бу эса уни дунёдаги энг қудратли гиперспектрал қурилмага айлантиради. Юқори ҳисоблаш қуввати маълумотларни орбитанинг ўзида қайта ишлашни якунлаш ва Ерга фақат самарали ахборотни узатиш имконини беради.
Бу эса маълумотларни қайта ишлаш вақтини кунлар/соатлардан дақиқаларгача қисқартиради. Шу билан бирга, маълумотлардан фойдаланиш коэффициентини 10 фоиздан 80 фоиздан зиёдга оширади ҳамда қўлда таҳлил қилиш билан солиштирганда операцион самарадорликни 5 баробардан кўпроққа яхшилайди.
Енгил ва ақлли технологияларнинг уйғунлиги аниқ кузатишдан тушунишга ўтиш имконини беради. Бу гиперспектрал сунъий йўлдош учун маълумот йиғишдан интеллектуал хизматлар кўрсатишга ўтишдаги муҳим қадамдир. Масалан, у қишлоқ хўжалиги экинларидаги азот, фосфор ва калий миқдорини ҳамда уларнинг ўсишини назорат қила олади, шунингдек, кўллар ва тупроқдаги ифлосланишни аниқлай олади.
Фан ва техника соҳасидаги улкан ютуқлари учун давлат мукофоти совриндори, Хитой Фанлар академияси ва Муҳандислик академияси аъзоси Ли Дереннинг фикрича, бугунги муваффақият – гиперспектрал масофадан зондлаш технологиясидаги катта ютуқ. Юқори даражадаги халқаро тижорий гиперспектрал сунъий йўлдошлар энди шунчаки пикселларни ёзиб олувчи камералар эмас, балки кўрган ҳамма нарсасини тушуна бошлайдиган қурилмалардир.
Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Хитойнинг Бошқариладиган космонавтика агентлиги, “Great Wall”, “Star Vision” ва “Mino Space” корпорацияларида бўлиб ўтган турли учрашувларда қатнашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси