Ўзбекистон ва Покистон Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди

Июль 13, 2026. 16:00 • 2 дақ

74
Ўзбекистон ва Покистон Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди

ИСЛОМОБОД, 13 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон темир йўллари вазирининг биринчи ўринбосари Мазҳар Али Шаҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш, янги халқаро транспорт ва логистика лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш, шунингдек, юк ташиш жараёнларининг самарадорлигини ошириш мақсадида рақамли ечимларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири стратегик аҳамиятга эга Трансафғон темир йўли лойиҳаси бўлди. Мазкур лойиҳа доирасида бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, унинг жорий ҳолати ҳамда навбатдаги босқичларда бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ишларини тезлаштириш ва амалий босқичга ўтиш муҳимлиги таъкидланди.

Покистон темир йўллари вазирининг биринчи ўринбосари ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши, энг аввало минтақа давлатлари иқтисодий манфаатларига хизмат қилишини қайд этди.

“Мазкур лойиҳанинг амалга оширилишидан биринчи навбатда Покистон манфаатдор, – деди у. – Лойиҳани белгиланган муддатларда якунлаш минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт боғлиқлигини янада мустаҳкамлайди, юк ташиш имкониятларини кенгайтиради ва мамлакатларимиз логистика ва транзит салоҳияти самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Шу боис, Покистон темир йўллари вазирлиги ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштиришга тўлиқ тайёр”.

Мулоқот давомида Ўзбекистон томони лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилгани, зарур техник ускуналар тайёрлангани ва дала тадқиқотларини бошлаш учун барча ташкилий ва техник тайёргарлик ишлари тўлиқ якунлангани қайд этилди.

Учрашув якунида Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон, Покистон ва бошқа иштирокчи давлатлар мутахассислари иштирокида уч томонлама онлайн учрашув ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Томонлар мазкур стратегик транспорт йўлагини барпо этиш нафақат Ўзбекистон ва Покистон, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси учун янги иқтисодий имкониятлар яратиши, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда минтақавий интеграция жараёнларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш