Пуцзянда Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди

Июль 13, 2026. 09:00 • 2 дақ

192
Пуцзянда Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди
Пуцзянда Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди

ЦЗИНЬХУА, 13 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Хитойнинг Цзиньхуа шаҳрига ташриф буюриб, қатор тадбирларда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Пуцзян тумани ҳокими Лю Ци билан учрашув, Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми ҳамда йирик Хитой компаниялари вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда Лю Ци Ўзбекистон ва Хитой етакчиларининг саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарилганини қайд этди. У ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, дипломатларимиз туман ҳокимини ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида юртимизга таклиф қилди. Лю Ци мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, туманнинг йирик компаниялари вакилларидан иборат бизнес-миссия ташрифини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми ҳам юқори даражада ташкил этилди. Форумда Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти, мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тақдим этилди.

Шунингдек ўқинг

Тадбир доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Хусусан, “Zhejiang Juyitang Garment Co., Ltd.” ва “Zhejiang Pujiang Bohu Chain Co., Ltd.” компаниялари вакиллари билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари ҳамда автомобиль шиналари учун ҳимоя занжирлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, “Pujiang Jida Home Textile Co., Ltd.” компанияси раиси Ни Булун компаниянинг бошқа мамлакатлардаги корхоналари фаолиятида юзага келган қийинчиликлар сабабли ишлаб чиқаришнинг бир қисмини Ўзбекистонга кўчириш масаласи ҳақида тўхталиб ўтди.

Учрашув сўнггида жорий йил охирига қадар компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш бўйича тегишли келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш