Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлараро форум ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда

Июль 12, 2026. 09:15 • 3 дақ

82
Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлараро форум ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда

ИСЛОМОБОД, 12 июль. /“Дунё” АА/. Покистон Бош вазири ёрдамчиси, Саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан ҳамда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ҳолатига бағишланган тадбирда Покистон Инвестицияларни рағбатлантириш махсус кенгаши, Саноат ва ишлаб чиқариш, Темир йўллар, Савдо, Иқтисодий ишлар, Туризм вазирликлари, Покистон Марказий банки, Федерал солиқ қўмитаси ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Президентининг жорий йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар ҳамда икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалий ижроси таҳлил қилинди.

Томонлар олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича белгиланган муҳим йўналишлар, жумладан, Исломобод шаҳрида “Бобур” боғини барпо этиш, Трансафғон темир йўли лойиҳасини илгари суриш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, преференциал савдо битимини имзолаш жараёнини жадаллаштириш, банклараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, Исломобод шаҳрида барпо этилаётган “Бобур” боғи қурилиши бўйича ишлар жадал суръатларда давом этаётгани қайд этилди. Лойиҳани белгиланган муддатларда якунлаш мақсадида қурилиш материаллари ва зарур жиҳозларни етказиб беришда учраётган муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, барча қурилиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан тегишли идора ва ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.

Ўзбекистон томони “Тошкент – Исломобод” ва “Тошкент – Лаҳор” йўналишларида ҳафтасига олтита тўғридан-тўғри авиақатнов амалга оширилаётганини таъкидлаб, мазкур рейслар икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик, туризм ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганини қайд этди.

Шу билан бирга, ўзаро савдо айланмаси, инвестициявий ҳамкорлик ва сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида Покистоннинг йирик иқтисодий маркази ҳисобланган Карачи шаҳри билан Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек ўқинг

Покистон томони мазкур таклифни ижобий баҳолаб, “Карачи – Тошкент” йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш имкониятларини ҳар томонлама ўрганишга ва бу борада аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, муҳокамалар давомида Трансафғон темир йўли лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ишларининг бориши кўриб чиқилди. Лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги транспорт ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, юк ташиш ҳажмини ошириш, логистика харажатларини қисқартириш ҳамда минтақа транзит салоҳиятини сезиларли даражада юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасида преференциал савдо битимини ишлаб чиқишни тезроқ якунлаш, банклараро ҳисоб-китоб механизмларини такомиллаштириш ва молиявий институтлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси делегацияларининг Покистонга амалга оширган ташрифлари давомида эришилган келишувлар, хусусан, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва тирик чорва молларини Ўзбекистонга импорт қилиш бўйича келишувларнинг ижроси юзасидан амалий механизмлар кўриб чиқилди.

Покистон Бош вазири ёрдамчиси Харун Ахтар Хан ташрифлар давомида эришилган келишувлар ва инвестиция лойиҳаларини қисқа муддатларда амалга ошириш ҳамда уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш юзасидан тегишли вазирликлар, идоралар ва компанияларга аниқ топшириқлар берди.

Йиғилиш якунида жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон–Покистон ҳудудлараро форумига тайёргарлик ишлари ҳам муҳокама қилиниб, мазкур тадбирни юқори ташкилий даражада ўтказиш, унинг амалий натижадорлигини таъминлаш ҳамда янги инвестиция ва савдо лойиҳаларини шакллантиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш