Варшавада Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Июль 20, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 170
ВАРШАВА, 20 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган “давра суҳбати” ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Польша Иқтисодий тараққиёт ва технологиялар вазирлиги, Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH), Миллий савдо палатаси, “Польша-Осиё” савдо-саноат палатаси ҳамда “Ptak Warsaw Expo” кўргазмалар мажмуаси раҳбарияти ва масъул вакиллари иштирок этдилар. Анжуман давомида 2026 йилнинг биринчи ярмида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, йил якунига қадар мўлжалланган қўшма режалар батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, шу йилнинг июнь-июль ойларида ўзбек тадбиркорлари ва расмий делегацияларининг Варшавага ташрифлари доирасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини либераллаштириш ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар поляк вакиллари томонидан юқори баҳоланди.
Учрашувда Саноат кооперацияси, агросаноат, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар Варшава Тошкент учун Европага “дарвоза”, Ўзбекистон эса Польша учун Осиё бозорига киришда ўзига хос “хаб” вазифасини бажариши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Тадбир якунида жорий йилнинг сентябрь ойида Катовицада ўтадиган “Future Mining Forum & Expo” халқаро форумида Ўзбекистон вакиллари иштирокини ташкил этиш, октябрь ойида Польша Миллий савдо палатаси президенти бошчилигида Ўзбекистонга бизнес-миссия уюштириш ҳамда 2026 йил якунига қадар Польша Инвестициялар ва савдо агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонасини очиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, Польша Миллий иқтисодиёт банки (BGK) молиявий инструментларини юртимиздаги истиқболли инвестиция лойиҳаларига йўналтириш ҳамда 2027 йилда Варшавада ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси