Ўзбекистон ўз фуқаролари учун визасиз сафарлар географиясини янада кенгайтирмоқда
Июль 16, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 74
МОСКВА, 16 июль. /“Дунё” АА/. Россиянинг етакчи “Дзен” янгиликлар платформасида Ўзбекистоннинг мамлакат фуқаролари учун хорижга чиқиш виза тартибларини соддалаштириш ва визасиз давлатлар рўйхатини кенгайтириш борасидаги ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз фуқаролари учун хорижий давлатларга саёҳат қилиш тартибларини енгиллаштириш бўйича музокаралар фаоллаштирилгани маълум қилинган. Қайд этилишича, мазкур ташаббус “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, ТИВ тизимида старт берилган “Долзарб виза” ойлиги давомида Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ўзбекистонликларнинг халқаро сафарлари учун имкониятларни кенгайтиришга асосий эътибор қаратади.
“Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари чет эллик шериклар билан юртимиз фуқаролари учун визасиз сафарлар имкониятини кенгайтириш, виза тартиб-таомилларини соддалаштириш, замонавий ва қулай виза механизмларини жорий этиш бўйича музокараларни фаоллаштиради”, дея Ўзбекистон ТИВнинг расмий баёнотидан иқтибос келтирган “Дзен”.
Мақолада асосий эътибор Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим ўрнатиш ва электрон визаларни қўллаш кўламини янада кенгайтиришга қаратилиши таъкидланган.
Мазкур ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон фуқаролари учун хорижга чиқишда янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг халқаро миқёсдаги ҳаракатланиш имкониятларини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг очиқлик ва фаол халқаро ҳамкорликка йўналтирилган сиёсатини изчил давом эттиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси