Токиодаги саммитда Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари эътироф этилди

Июнь 30, 2026. 12:00 • 3 дақ

43
Токиодаги саммитда Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари эътироф этилди
Токиодаги саммитда Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари эътироф этилди

ТОКИО, 30 июнь /“Дунё” АА/. Япония парламентида “World Environment Summit” ташкилий қўмитаси ҳамда “DEVNET International” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида VI Жаҳон атроф-муҳит саммити бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва бу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган нуфузли анжуманда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ҳам фаол иштирок этди.

Саммитда Япония парламенти аъзолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатик корпус, ишбилармон доиралар, фуқаролик жамияти институтлари ва экологик соҳада фаолият юритувчи экспертлар қатнашди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсати ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Учрашув давомида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган халқаро экологик ташаббуслар катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, БМТнинг Оролбўйи учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама траст жамғармасини ташкил этиш, Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш, Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш, иқлим ўзгаришига қарши халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид ташаббуслар алоҳида эътироф этилди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Япония ўртасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ресурсларини самарали бошқариш, Оролбўйи экологик муаммоларини юмшатиш, қайта тикланувчи энергетика ва экологик технологиялар соҳаларида изчил ривожланаётган ҳамкорлик ҳам юқори баҳоланди.

Шунингдек ўқинг

Саммит иштирокчилари Ўзбекистоннинг экологик барқарорлик ва иқлим сиёсати соҳасидаги амалий тажрибасини юксак баҳолаб, мамлакатимиз ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий анъаналари ва замонавий туризм салоҳияти кенг тарғиб қилиниб, инвестиция, савдо, туризм, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Виртуал шаҳарда барқарор тараққиёт мақсадлари” бўйича Халқаро атроф-муҳит саммити таъсисчиси Масааки Хираи Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергияни кенг жорий этиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйини тиклаш бўйича амалга ошираётган ишлари халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, “Халқаро атроф-муҳит саммити ижроия қўмитаси” раиси Кейсукэ Йошида Ўзбекистоннинг экологик муаммоларни ҳал этиш борасидаги аниқ ва самарали саъй-ҳаракатлари, айниқса, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлари иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирганини қайд этди.

У Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим вазифа эканини таъкидлаб, яқин келажакда япон ишбилармонлари ва ташкилотлари вакилларининг Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳамкорлик имкониятлари билан яқиндан танишиш истагини билдирди.

Токиода бўлиб ўтган мазкур нуфузли саммит Ўзбекистоннинг экологик ислоҳотлари, “яшил” тараққиёт стратегияси ва халқаро ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини яна бир бор намоён қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш