БМТда Ўзбекистоннинг барқарор урбанизация ва уй-жой сиёсатини ривожлантириш борасидаги тажрибаси тақдим этилди

Июль 20, 2026. 09:00 • 2 дақ

273
БМТда Ўзбекистоннинг барқарор урбанизация ва уй-жой сиёсатини ривожлантириш борасидаги тажрибаси тақдим этилди
БМТда Ўзбекистоннинг барқарор урбанизация ва уй-жой сиёсатини ривожлантириш борасидаги тажрибаси тақдим этилди

НЬЮ-ЙОРК, 20 июль. /“Дунё” АА/. БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Янги шаҳар кун тартибини амалга оширишнинг оралиқ шарҳига бағишланган БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев иштирок этди. У халқаро ҳамжамиятга мамлакатимизда барқарор шаҳарсозлик, уй-жой сиёсати ва инфратузилмани модернизация қилиш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини тақдим этди.

Шерзод Кудбиев ўз нутқида урбанизация Ўзбекистон учун нафақат шаҳарларнинг кенгайиш жараёни, балки иқтисодий ривожланиш, аҳоли ҳаёт сифатини ошириш ва фуқаролар учун янги имкониятлар яратишнинг муҳим воситаси эканлигини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, мамлакатда урбанизация даражаси 40 фоиздан 51 фоизга кўтарилди ва бугунги кунда Ўзбекистоннинг 39 миллион нафар аҳолисидан қарийб 20 миллиони шаҳарларда истиқомат қилмоқда. Узоқ муддатли режаларга мувофиқ, 2040 йилга бориб бу кўрсаткич 65 фоизга етиши лозим.

Шунингдек ўқинг

Уй-жой соҳасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, 2016 йилдан буён йиллик уй-жой қурилиши ҳажми 10 баробарга ошди. Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатда қарийб 120 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, 540 мингдан ортиқ оила имтиёзли ипотека ва уй-жой субсидияларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Форумда, шунингдек, “яшил”, “ақлли” ва хавфсиз шаҳар тамойиллари асосида барпо этилаётган “Янги Тошкент” лойиҳаси намойиш этилди. Ушбу лойиҳа барқарор шаҳарсозликни режалаштиришга бўлган янгича ёндашувнинг яққол намунаси сифатида баҳоланди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси БМТ-Хабитат (БМТнинг инсон уй-жойлари бўйича дастури) ва БМТ Европа иқтисодий комиссияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш, 2030 йилда Ўзбекистонда Бутунжаҳон шаҳарлар форумини (WUF15) ўтказиш, шунингдек, Тошкент шаҳрида БМТ-Хабитат ваколатхонасини очиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш соҳасидаги янги Мамлакат шарҳини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди. БМТ вакиллари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, барқарор шаҳарсозлик йўналишидаги ҳамкорликни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш