Ўзбекистон ва Миср мутахассислари тиббий технологиялар бўйича шериклик лойиҳаларини муҳокама қилди
Июль 17, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 97
ҚОҲИРА, 17 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари Мисрнинг “Medical Engineering Group” компанияси раҳбарияти билан онлайн музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида чақалоқлар учун неонатал инкубаторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали миллий тиббий хавфсизликни таъминлаш ва узоқ муддатли саноат шериклигини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони эркин иқтисодий зоналар, хусусан, “Tashkent Pharma Park” ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун яратилган қулай шароитлар, ер ажратиш тартиби, имтиёзли тарифлар ва солиқ преференциялари ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Миср компанияси вакиллари гўдаклар ўлимини камайтиришга қаратилган ижтимоий-гуманитар лойиҳалар ҳақида фикр билдирди. Улар замонавий технологиялар, ноу-хау ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдиришди.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида давлат иштирокидаги қўшма корхона ташкил этиш ёки давлат харидлари кафолатлари кўмагида ишончли хусусий инвесторни жалб этиш вариантлари таклиф этилди.
Учрашув жараёнида икки давлат мутахассислари Ўзбекистоннинг неонатал инкубаторларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, мавжуд тиббий ускуналар базаси ва маҳаллий саноат инфратузилмасини кенгайтириш бўйича шериклик асосида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси