БМТда Ўзбекистоннинг сув ресурсларидан фойдаланиш тажрибаси энг яхши амалиётлар қаторига киритилди
Июль 10, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 28НЬЮ-ЙОРК, 10 июль. /“Дунё” АА/. БМТда Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-мақсади – Барчани тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва муносиб санитария шароитлари яратиш масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида давлатларнинг тоза сув ва санитария соҳасидаги таклиф ва ташаббусларидан иборат тўплами тақдим этилди. Хусусан, Хитой ва Сан-Томе ва Принсипи давлатлари тажрибалари қаторида Ўзбекистоннинг миллий кейси ҳам энг яхши халқаро амалиётлар рўйхатидан жой олди. Тақдим этилган ушбу ташаббусларда сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича давлатларнинг илғор ёндашувлари акс эттирилган.
Ўзбекистон делегацияси Президент Администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тимур Бутунбаев бошчилигида сув ресурсларини бошқариш, аҳолини хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш йўналишларида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва амалий натижаларни намойиш қилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда давлат раҳбари бошчилигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатда сув хўжалиги соҳасида кенг кўламли институционал ва қонунчилик ислоҳотлари олиб борилмоқда. Хусусан, Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилди, янги Сув кодекси қабул қилинди, 2030 йилгача сув хўжалигини ривожлантириш стратегияси ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Юртимизда сувни тежаш соҳасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Агар 2017 йилгача замонавий сув тежовчи технологиялар суғориладиган ерларнинг 1 фоизидан кам қисмида қўлланилган бўлса, бугунги кунга келиб мазкур технологиялар 2,6 миллион гектардан ортиқ майдонни ёки мамлакатдаги жами суғориладиган ерларнинг 60 фоизидан кўпроғини қамраб олган. 2030 йилга қадар уларни барча суғориладиган майдонларда жорий этиш режалаштирилган.
Суғориш инфратузилмасини модернизация қилиш, рақамли ечимларни жорий этиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш ҳисобига ҳозирнинг ўзида ҳар йили қарийб 11 миллиард куб метр сув ресурслари тежалмоқда. 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткични 15 миллиард куб метрга етказиш кўзда тутилган.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш борасидаги бошқа ютуқлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Барқарор ривожланиш ечимларини ишлаб чиқиш тармоғи (SDSN) томонидан тайёрланган 2025 йилги БРМ ҳисоботига кўра, Ўзбекистон жаҳон рейтингида 62-ўринга кўтарилиб, ўз позициясини бирданига 19 поғонага яхшилаган. Шу тариқа юртимиз Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари орасида БРМга эришиш борасида энг юқори суръатларда тараққий этаётган давлат сифатида эътироф этилди.
2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишни бошлаши қайд этилди. Мазкур даврда мамлакат сув, экологик ва ижтимоий-иқтисодий йўналишларда қўшма минтақавий лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, сув хўжалиги соҳасида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳам тақдим этилди. Хусусан, айни пайтда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 16 та давлатдан келган мутахассислар тайёрланмоқда.
2025–2026 йилларда Ўзбекистонда қатор йирик халқаро тадбирлар, жумладан, “Tashkent Water Week” халқаро сув форуми юксак савияда ташкил этилди. Ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил охирида Самарқанд шаҳрида Сув ресурсларини асраш бўйича Бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


