Ўзбекистон Шотландиянинг етакчи инвестиция ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ноябрь 18, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 26
Ўзбекистон Шотландиянинг етакчи инвестиция ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон Шотландиянинг етакчи инвестиция ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ЭДИНБУРГ, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Шотландияга амалий ташрифи доирасида ушбу минтақанинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда инвестицияларни жалб қилиш, хусусийлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, энергетика ва табиий ресурслар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, “Baillie Gifford” инвестиция компаниясининг бош ижрочи директори Тим Кэмпбелл билан учрашувда ушбу компаниянинг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Компания вакиллари Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларидаги фаолиятини диққат билан кузатиб бораётганини таъкидладилар. Хусусан, “UzNIF” акцияларининг Лондон фонд биржасида дастлабки оммавий жойлаштирилиши (IPO) натижаларига юқори баҳо берилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозорларига янада кенгроқ чиқиш борасидаги истиқболли режалари ижобий баҳоланди. Шу муносабат билан “Baillie Gifford” компанияси тегишли ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этишдан манфаатдор эканини билдирди.

“Wood Mackenzie” компанияси директорлар кенгаши раиси Саймон Флауэрс билан ўтказилган музокараларда эса энергетика, табиий ресурслар, инвестицияларни жалб қилиш ва соҳавий экспертлик йўналишларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга асосий эътибор қаратилди.

Учрашувлар якунида Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш мақсадида мазкур иккала компания билан ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш